Бахтсизлик ҳаддидан ошса билки, у тезда кетар,
Тун зулмати шиддатланса унга нурли тонг етар.
Сиз ўз чиройингиз билан Қуёшдан ҳам гўзалроқ, хулқ-атворингиз билан мушк-анбардан хушбўйроқ, камтарлигингиз билан тўлин ойдан баландроқ ва мулойимлигингиз билан майин ёмғирдан ҳам ёқимлироқсиз. Шундай экан, иймон билан гўзаллигингизда, қаноат билан розилигингизда ва сатри аврат билан иффатингизда бардавом бўлинг.
Шуни билингки, сизнинг безакларингиз тилла-кумуш ёки олмослар эмас, балки, саҳар вақтидаги икки ракат намозингиз, жазирамадаги Аллоҳ учун тутган рўзангиз, фақатгина Аллоҳ биладиган махфий садақангиз, хатоларингизни ювадиган қайноқ кўз ёшларингиз, жойнамоздаги узундан-узоқ саждаларингиз ҳамда нафсингиз ва шайтон сизни ёмонликларга буюрган вақтдаги Аллоҳдан қилган ҳаёйингиз сизнинг ҳақиқий зеб-зийнатингиздир.
Устингизга тақво либосини кийинг, шунда кийимларингиз ямоқланган бўлсада дунёдаги энг гўзал аёл бўласиз. Авратларингизни беркитинг, шунда оёқ кийимсиз бўлсангизда дунёдаги энг чиройли инсон бўласиз. Ўзингизни ахлоқсиз, фаҳш ишларга берилган, беҳаё ва жодугар аёллар ҳаётидан сақланг. Чунки улар ҳақиқий бахтиқаро инсонлардир.
Шуъла: Ҳаётингиздаги зулмат вақтларида ўзингизгина кўнглингизда умид чироқларини ёқишингиз мумкин.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати