Диний таълим муассасалари ректор ва директорлари ҳамда талабаларидан иборат делегация Сурхондарёнинг табаррук қадамжолари — "Ҳаким Термизий" ва “Султон Саодат” мажмуаларини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида дастлаб Қуръони карим тиловат қилиниб, юрт тинчлиги ва илм ривожи йўлида эзгу дуолар қилинди.
Ташриф доирасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Жўрабек домла Чўтматов меҳмонларга ҳамроҳлик қилиб, ушбу муқаддас масканларнинг тарихи, уларнинг ислом цивилизациясидаги ўрни ҳамда илмий ва маънавий аҳамияти ҳақида қимматли маълумотларни сўзлаб берди.
Бу каби тарихий қадамжолар билан танишиш иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, аждодлар меросига бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлади.
“Имом Термизий” мадрасаси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати