#Сайёр_йиғилиш
Одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш динимизнинг талаби ҳамда одамийликнинг олий мезонидир.
Бугун, 4 май куни пойтахтимизнинг Яшнобод тумани «Ислом ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, Эргашали домла Рустамов, «Ҳаж 2025» зиёратчилари, маҳалла фаоллари, нуроний отахону онахонлар иштирок этди.
Сайёр йиғилишда тумандаги 100 дан зиёд оилага кирилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан, беморлардан ҳол сўралди.
Шу билан бирга, адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, ичкиликка ружу қўйган шахслар билан ҳам яккама-якка мулоқотлар қилинди. Уларга зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилди.
Аҳоли билан мулоқотдан ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
Хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Муборак Қурбон ҳайити арафасида Тошкент шаҳрида саховат ва эҳсон тадбирлари давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам шукуҳи улашилмоқда.
Хусусан, бугун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида хайр-саховатга йўғрилган сайёр тадбирлар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Юлдашев ва Эргаш домла Рустамов ҳамда Тошкент шаҳар имом-хатиблари иштирок этдилар.
Тадбир давомида туманда истиқомат қилаётган 100 дан ортиқ эҳтиёжманд хонадон ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмалари байрам совғаси сифатида топширилди.
Мазкур эзгу ташаббус Қурбон ҳайити кунларида аҳоли орасида меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
MuslimShosh.uz