Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1954 йилда Қирол Сауд Саудия уламоларининг аксарияти берган фатвога асосланиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомини кўчиришга қарор қилди. Бундан кўзланган мақсад — тавоф қилувчилар кўпайиб, жой торлик қилаётгани сабабли тавоф майдонини (матофни) кенгайтириш эди. Ўша пайтда тирбандлик катта муаммога айланганди.
Ўша вақтда раҳматли Шайх Шаъровий Маккаи Мукаррамадаги Шариъат факультетида мударрис эди. У киши Азҳари шарифдан Саудияга юборилган делегация аъзоларидан бири бўлган. Шайх тасодифан бу қарордан хабардор бўлади ва буни шариатга зид деб ҳисоблайди. У делегациянинг баъзи аъзоларига бу ишни тўхтатиш учун аралашишни таклиф қилади, лекин улар: “Бу иш тугаган, янги бино қуриб бўлинган, кўчиришга атиги 4 кун қолди. Агар аралашсак, буни ички ишларга аралашиш деб баҳолашлари ва бошимизга муаммо тушиши мумкин”, деб рад жавобини беришади.
Бироқ Шайх қониқмайди. У Саудиянинг баъзи олимлари, жумладан, Шайх Иброҳим Ан-Нурий ва Исҳоқ Аззуз билан боғланади. Улар ҳам ҳаракат қилишганини, лекин энди кеч эканини айтишади. Шунда Шайх Шаъровий бу ишни ёлғиз ўзи қилишга қарор қилади.
Шайх Шаъровий Қирол Саудга беш саҳифали телеграмма йўллайди (бу телеграмма учун у ўзининг бутун ойлик маошини сарфлаган). Унда масалани тарихий ва фиқҳий жиҳатдан асослаб беради. Шайхнинг фикрича, мақомни кўчириш шариатга зид эди. Мақомни кўчириш тарафдорлари “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни кўчирганлар” деган далилни рўкач қилишарди.
Шайх эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат соҳиби ва қонун чиқарувчи эканларини, у зот мақомни қўйган жойдан кейинчалик кимдир уни кўчиришига бу ҳужжат бўлолмаслигини айтади.
Шунингдек, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ишини мисол келтиради. “Умму Нашҳал” номи билан машҳур кучли сел келиб, мақомни жойидан суриб кетганда, Умар розияллоҳу анҳу Мадинадан ташвиш билан етиб келади. Саҳобаларни йиғиб: “Орангизда ким бу мақомнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги асл ўрнини билади?” деб сўрайди.
Шунда бир киши туриб: “Эй Умар, мен бундай ҳолат бўлишини кўнглим сезиб, мақомнинг атрофдаги нарсаларга нисбатан масофасини арқон билан ўлчаб қўйгандим. Мана шу арқондаги тугун асл ўрнини кўрсатади”, дейди. Бироқ ҳазрати Умар заковатлари билан гапни шундоқ қабул қилмай, арқонни келтиришни буюради ва унинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, мақомни айнан ўша асл жойига қайтаради.
Телеграмма Қирол Саудга етиб боргач, у олимларни йиғиб, мактубни ўрганиб чиқишни ва эртаси куни – мақом кўчирилишига 24 соат қолганда – хулоса беришни сўрайди. Саудиялик олимлар телеграммадаги далилларга қўшилишади ва бу сўзларни рад этиб бўлмаслигини айтишади.
Шундан сўнг Қирол мақомни кўчиришни тўхтатиш ва у учун қурилган янги бинони бузиб ташлаш ҳақида фармон беради.
Шайх Шаъровий матофни (тавоф майдонини) кенгайтириш учун мақомга тегмасдан бошқа ечим таклиф қилади: Мақомни ўраб турган эски бино жуда катта бўлиб, айнан шу нарса тирбандликка сабаб бўлаётганди. Шайх ўша бинони олиб ташлаб, мақомнинг ўзини икки кишилик жой эгаллайдиган кичик ҳажмда қолдиришни ва устини ўқ ўтмайдиган, мустаҳкам шиша гумбаз билан ёпишни таклиф этади. У: “Иброҳим мақомининг очиқ кўриниб туриши “Унда очиқ аломатлар – Иброҳим мақоми бор” деган оятга мувофиқ келади, уни одамлар кўзидан тўсиб қўйиш мантиқсиз”, дейди.
Аллоҳнинг фазли билан Шайхнинг таклифи қабул қилинади. Эски бино бузилиб, мақом устига шиша гумбаз ўрнатилади ва у одамлар кўзига кўринадиган ҳолга келади.
Шайх Шаъровий бундай деганди: “Алҳамдулиллаҳ, Қирол Сауд мени чақиртирди. Бордим, у менга ташаккур айтиб, мишлаҳ (чопон), соат ва ручка ҳадя қилди”.
Шунингдек, Шайх Шаъровий айтадики, Қирол мақомни кўчиришни тўхтатиш ҳақида буйруқ берганидан икки кун ўтиб, Аллоҳ уни тушида Иброҳим Халилуллоҳни кўриш шарафига муяссар қилган.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД