Шу йил 4 май куни Мир Араб ўрта-махсус ислом таълим муассасасида талабаларнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббатини ошириш ва ҳофизи каломларни қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий Қуръон мусобақасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
«Имом Осим ибн Абу Нажуд издошлари – Қуръони Карим ошиқларидир» шиори остида ташкил этилган ушбу тадбир юқори савияда ўтказилди.
Мусобақа иштирокчилари икки йўналиш — Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ҳамда 29-30-жузларни мукаммал ўзлаштирганлар бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди. Талабаларнинг қироат ва тажвид маҳоратини тажрибали устозлар Диёрбек Аҳмедов ва Анвар Каримовлар баҳолаб борди.
Тадбирда Мир Араб ўрта-махсус ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин Сабуров, олий мадраса катта устози Исмоилжон Ҳамроқулов ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этиб, қориларнинг илм йўлидаги зафарларига хайрли дуолар қилди.
Қизғин кечган мусобақа натижасига кўра, тўлиқ ҳифз йўналишида олий мадраса талабаси Ислом Илҳомов ҳамда ўрта-махсус таълим муассасаси талабаси Муҳаммад Аброрхон Юнусхонов биринчи ўринни қўлга киритди. 29-30-поралар бўйича Жавлонбек Турдиқулов энг юқори натижани қайд этди.
Мусобақа якунида ғолибларга қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Қуръони каримни илк бор тўлиқ ёдлаб тугатган 20 нафарга яқин талаба алоҳида эътироф этилиб, тақдирланди.
Бу каби мусобақалар келажакда юртимиздан етук уламолар ва қорилар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муборак Қурбон ҳайити арафасида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари доирасида “Вақф” хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида бемор болаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Фарғона вилоятида ҳам ташкил этилди. Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари Фарғона туманида бўлиб, икки босқичли мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлган болажонлар ҳолидан хабар олдилар.
Самимий мулоқот давомида бемор болалар ва уларнинг ота-оналарига маънавий далда берилиб, шифо тиланди. Шунингдек, даволаниш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган хайрия маблағлари ўз эгаларига топширилди.
Бу каби тадбирлар жамиятимизда меҳр-шафқат ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга, бемор фарзанд тарбиялаётган оилаларга халқимизга хос ғамхўрлик кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати