Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан амалга оширилди.
Учрашувда имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов иштирок этиб, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилди. Навбатдаги суҳбат «Йўллардан тўғри фойдаланиш — одоб ва масъулиятдир» мавзусига бағишланди. Имом-хатиб ўз маърузасида ислом динида йўл ҳаққи, жамоат жойларида ўзини тутиш одоблари ва атрофдагиларга озор бермасликнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Мулоқот жараёни маълумотларнинг тўлақонли ва тушунарли етиб боришини таъминлаш мақсадида малакали сурдо таржимон ҳамроҳлигида олиб борилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эҳсонлар улашилди. Бу каби тадбирлар жамиятда ижтимоий кўмакка муҳтож қатламнинг диний ва маърифий билимларини ошириш, уларни маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 6 май куни Тошкент вилоятида хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган отинойилар ўртасида «Энг намунали отинойи» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этиб, отинойиларнинг жамият барқарорлигидаги ўрнини алоҳида эътироф этдилар.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг фаолияти, билим даражаси ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қўшган ҳиссасини баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра, кўрик-танловнинг 1-ўринига Янгийўл тумани отинойиси Ҳанифахон Нишонова, 2-ўринига Паркент тумани отинойиси Махсума Ғанихонова ҳамда 3-ўринига Зангиота тумани вакиласи Дилбар Ҳамдамова муносиб деб топилди.
Ғолибларга ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Маърифат йўлида хизмат қилаётган барча отинойиларимизга келгуси фаолиятларида зафарлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати