Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Май ойи – ҳадис илмлари фан ойлиги» муносабати билан «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси томонидан талаба-қизлар иштирокида маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирга фахрий меҳмон сифатида «Ҳилол-нашр» нашриёти директор ўринбосари, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ таклиф этилди.
Одинахон Муҳаммад Содиқ ўз маърузасида ҳозирда тадқиқ қилаётган «Саҳиҳ Бухорий ривоятида аёл ровийларнинг ўрни» мавзусидаги илмий янгиликлар билан ўртоқлашди.
Суҳбат давомида «Саҳиҳул Бухорий» асарининг авлодларга етиб келишида нафақат эркак муҳаддислар, балки аёл ровийларнинг ҳам хизмати беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Машҳур аёл ровийлар ҳақидаги маълумотлар ва илмий далиллар тақдимот орқали талабаларга батафсил тушунтирилди.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мазмунли ва илмий суҳбат учун Одинахон Муҳаммад Содиққа институт маъмурияти номидан миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Oliymahad.uz
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Май ойи – ҳадис илмлари фан ойлиги» доирасида «Ҳадисларни нотўғри талқин қилишнинг жамиятга салбий таъсири» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Модуль таълим тизими 2-курс талабалари иштирок этди.
Тадбирни кафедра катта ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов очиб берди. Илмий-маърифий суҳбатда «Мирза Ғолиб» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов маъруза қилиб, ҳадисларни нотўғри тушуниш ва нохолис талқин қилиш жамият барқарорлигига зарар етказиши ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этди.
Мулоқот давомида ҳадисларни шарҳлашда доимо асл манбаларга ва мўътабар уламоларнинг асарларига мурожаат қилиш бугунги куннинг долзарб зарурати экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида талабалар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Oliymahad.uz