#imom #Abu #Hanifa
Имом Абу Ҳанифа – Нўъмон ибн Собит Куфий раҳимаҳуллоҳ (80-150)
1. Исми- Нўъмон ибн Собит
2. Куняси- Абу Ҳанифа
3. Яшаган даври- Умавий ва Аббосийлар бошқаруви даври.
4. Ташқи кўриниши – сўзамол, очиқ юзли, ҳайъат ва либоси келишган.
5. Ахлоқ-одоби – Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан сақланишда ўта кучли, тақводор.
6. Даражаси – тобеин, саҳобаларнинг катта жамоаси билан бир даврда яшаган.
7. Машҳур устозлари – Анас ибн Молик, Жаъфари Содиқ ва Ҳаммод ибн Абу Сулаймон.
8. Машҳур шогирдлари – имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар.
9. Ақидаси – аҳли сунна вал жамоа
10. Дафн этилган жойи – Бағдоддаги Аъзамия мақбараси.
12. Ҳадисдаги даражаси – имом, сиқа.
13. Фиқҳдаги даражаси – мужтаҳид.
14. Асарлари: "Фиқҳул акбар", "Муснади Абу Ҳанифа", "Махорижу фил фиқҳ", "Ъалиму вал мутаъаллим", "Радду ъала қадария", "Қасидату Нуъмания фий мадҳин Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам" ва "Китабул васияти".
Манба
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ