Нафсимиз муаммо сабаб гоҳ тушар тушкунликка,
Ечим боғич ечгудек, ўрин борми маҳзунликка?!
Бахт нима? Саодат мол-дунёда-ми ёки мансабда? Жавоблар турли, лекин келинг мана бу аёлнинг саодатига бир назар солайлик:
Эр ўз аёли билан жанжаллашиб қолди ва: “Сени албатта бахтсиз қиламан!”, деди. Аёл эса ҳотиржамлик билан: “Бундай қила олмайсиз”, деди. Эр ажабланиб деди: “Нима учун?” Аёл бундай жавоб берди: “Агар бахт мол-мулкда бўлганида сиз мени ундан маҳрум қилардингиз, агар зеб-зийнатларда бўлганида уларни мендан олиб қўярдингиз, лекин бахт сиз ёки бошқа инсонлар эгалик қила олмайдиган нарсада. Менинг бахтим иймонимда, иймоним эса қалбимда. Қалбимга фақат Аллоҳгина эгалик қилишга қодир”.
Мана шу ҳақиқий бахт, чинакам саодат – иймон неъматидир. Бу бахтни фақатгина Аллоҳнинг муҳаббати қалби, фикри ва нафсининг туб-тубига етиб борганларгина ҳис эта олади. Бандаларига ҳақиқий бахт-саодатни ато этувчи яккаю ягона бўлган Зот Аллоҳдир. Шундай экан Унга итоат ва ибодат этиб саодатни сўранг, бахтни У томондан қидиринг.
Ушбу саодатни топиш эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ҳақиқий динни ўрганиш билан бўлади. Ким ушбу йўлни англаса унга чайлада ухлаши, қаттиқ жойда ётиши ёки бир бурда нон билан кифояланиши ҳам дунёдаги энг бахтиёр инсон бўлишига тўсқинлик қила олмайди. Ким бу йўлдан адашса унинг умри маҳзунлик ва барча нарсадан маҳрум бўлиш билан тўлиб кетади.
Шуъла: Тўғри, биз яшашимиз учун мол-мулкка муҳтож бўламиз. Лекин бу биз мол-дунё учун яшашимиз лозимлигини билдирмайди!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати