Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг бизга Ўзининг борлигини исботлаш учун яна бир ақлий далилни келтиради. Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا وَمَا تَحْتَ الثَّرَى﴾
“Осмонлар-у ердаги нарсалар, иккисининг ўртасидаги ва тупроқ остидаги нарсалар ҳам Уникидир” (Тоҳа сураси, 6-оят).
Ушбу ояти карима нозил бўлганига ўн тўрт асрдан ошди. Ояти каримадаги “тупроқ остидаги нарсалар” ҳақида кўпчилигимиз фикр юритиб кўрмаган бўлсак керак.
Тупроқ, ер остидаги нарсалар яқин кунларгача биз учун номаълумлигича қолганди. Лекин Аллоҳ таоло бизга унинг остидаги яширин хазиналарни топиб, улардан фойдаланишимизни хоҳлади. Олтин, кумуш, темир каби нафис ва қимматбаҳо маъданларни кашф қилдик.
Аллоҳ таоло кўзимизга кўринмаган нарсалар аслида ҳам йўқ бўлавермаслигига яна бир далил келтирди. Бу дунёда ҳеч ким ер ости бойликларини “мен яратганман” деб айта олмайди. Ҳатто энг катта олимлар ҳам бундай даъвони қила олмайдилар. Нефт конларини, олтин, кумушга ўхшаган қимматбаҳо маъданларни ҳеч ким ихтиро қилмаган.
Ер остида ҳали биз билмаган бойликлар ҳам бордир. Кўзимиз кўрмасада Аллоҳ таоло уларни яратгандан бери улар тупроқ остида турган. Улар яқинда пайдо бўлиб қолмаган, уларни инсон зоти яратмаган. Демак, Аллоҳ таоло бизга яна бир бор ўша ҳақиқатни исботламоқда: кўзимизга кўринмаган нарса аслида ҳам йўқ бўлавермайди.
Тўғри, охират, жаннат, дўзах каби кўзимизга кўримайдиган нарсаларни Аллоҳ таоло идрок этишга бизни чақирмайди. Чунки бунинг бу дунёда иложи йўқ. Лекин бизга борлиқдаги мўжизаларнинг ўзи етарли. Уларни кўриб фикр юритамиз, ақлимизни ишлатамиз. Яхшилаб ўйлаб кўрсак Аллоҳ Ўзининг борлигига бу дунёнинг ўзида жуда кўп ақлий далилларни келтирганини англаймиз.
Демак, кўзимизга кўринмаган нарсалар бор бўлиши ҳам мумкин, деган хулосага келар эканмиз, бу инсонни куфрдан кўра иймонга кўпроқ яқинлаштиради.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан

Эътиборлиси, “Зиё” медиа марказининг мазкур ҳамкорлиги давомли тус олмоқда. Гап шундаки, ўтган ҳафта мазкур фильмнинг иккинчи қисми ҳам Ал-Азҳар обсерваторияси платформаларига жойлаштирилди.
Фильм илм ва маърифатнинг аҳамиятини, жаҳолат ва радикаллашувнинг жамиятни қандай ҳалокатга олиб боришини аниқ мисоллар ва ушбу мавзуга ихтисослашган теран фикрли экспертлар иштирокида кўрсатиб беради.
Фильмда “Ал-Азҳар” обсерваторияси директори, исломшунос олима Рейҳан Абдулла Салама, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Ҳабибулла Садибақосов, Александрия кутубхонаси директори, профессор Аҳмад Абдулла Зайед, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти директори Ҳусниддин Аҳмедов иштирок этган.
Фильм муаллифи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист, “Зиё” медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов. Фильмга Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, бир қатор фильмларни саҳналаштирган Микойил Сулаймонов режиссёрлик қилган. Мавзу юзасидан маслаҳатчи тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткирбек Ҳасанбоев. Фильм жуғрофияси Ўзбекистон, Миср, Туркия давлатларидаги илмий-тадқиқот марказлари ва уларнинг экспертларини қамраб олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати