Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.
Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.
Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).
Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари – тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.
Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган – донишманд, айбини яширган – нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.
Хато бу – йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот – ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон – бахтли инсон.
Хулоса қилиб айтганда, оқиллик – хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса – хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса – унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гар кўзингизга кўринса дунё тор,
“Шарҳ“ сурасини тафаккур айланг такрор.
Аллома Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бошимга ғам-ташвиш солган бир иш юз берди. Мен бу мусибатдан турли йўллар билан чиқиб кетишга уриндим, лекин ҳеч қандай чора топа олмадим. Шунда хаёлимга
﴿وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا﴾
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур” (Талоқ сураси, 2-оят) ояти келди. Билдимки, тақво қилиш барча ғамдан чиқиш йўли экан. Аллоҳга ҳақиқий тақво қилишга ҳаракат қилишим билан бошимга тушган ишдан чиқиш йўлини топдим”.
Ақлли инсонлар тақвони барча яхшиликнинг сабаби деб билади. Инсонга бирор уқубат етган бўлса фақатгина гуноҳи сабаб етади, ундан қандай мусибат ариган бўлса тавбаси сабаб арийди. Сиз қандай бахтсизлик, хафалик ёки омадсизлик етган бўлса амалларингиз – намозни вақтида ўқимаслигингиз, бирор инсонни ғийбат қилишингиз, енгилтакликка йўл қўйишингиз ёки бирор ҳаром ишни қилишингиз сабабидан етади. Аллоҳнинг белгилаган йўлига қарши хилоф қилган ҳар қандай инсон қилган хатоси ёки бепарволигининг бадалини тўлаши лозим.
Шуъла: Ҳаётингиздаги ҳар қандай умидсиз вазиятларни хаёлингиздан узоқлаштиринг, уларни унутинг. Хаёлингизни муваффақият томон жамланг, шундагина қанотларингизни қоқиб парвоз этишингиз мумкин бўлади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан