Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Май, 2026   |   2 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
05:00
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:43
Хуфтон
21:13
Bismillah
20 Май, 2026, 2 Зулҳижжа, 1447
Янгиликлар

Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

20.05.2026   2840   1 min.
Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

Шу йил 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Қурбон ҳайитига кўриладиган тайёргарлик масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

ZOOM платформаси орқали онлайн шаклда ташкил этилган мазкур видеоселектор йиғилишида Диний идора тизимидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларининг бош имом-хатиблари ва  мутахассислар иштирок этди.
 

Муҳокамалар марказида улуғ айём — Қурбон ҳайити намозларини юртимизда уюшқоқлик, юқори тартиб-интизом ва кўтаринки руҳда ўтказиш масалалари турди. Хусусан, ҳайит намози вақтларини белгилаш, жойлардаги масжидларнинг байрам тадбирларига шайлик ҳолатини кўздан кечириш, намозхонлар учун хавфсизлик ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда барча қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Муқаддас динимизнинг эзгу тамойилларига мувофиқ, айём арафасида меҳр-мурувват ва саховат тадбирларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ҳудудлардаги эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан далда бўлиш юзасидан имом-хатибларга тегишли топшириқлар берилди.


Шу билан бирга, юртимиздаги қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, тозалик ишларини кучайтириш ҳамда атроф-муҳитни тартибга келтириш бўйича уюшқоқлик билан ҳашарлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида барча ҳудудий вакилликларга ҳайит тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва фуқароларимизнинг ибодатларини эмин-эркин адо этишларини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

20.05.2026   16   2 min.
Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Қурбон ҳайитини ана шу жараёнларга мос ҳолда муносиб нишонлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 27 май Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

(а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилангани;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–257-сон Фармони билан қуйидагилар қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани:

(i) иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2026 йилнинг 28 май – пайшанба, 29 май – жума кунлари;

(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 30 май – шанба куни.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон янгиликлари