Бугун, 20 май куни Жидда шаҳрида ташкил этилган 50-юбилей ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Нуфузли тадбирда вазирлар, муфтийлар, уламолар ва ҳаж хизматига алоқадор турли соҳалар етакчилари, экспертлар қатнашди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида “Ҳаж - 2026” мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни Подшоҳлик Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади. Жумладан, ҳаж хизматларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологиялари, тиббий хизматлар ва ҳожилар хавфсизлигига оид чора-тадбирларга урғу қаратди.
Халқаро анжуман доирасида ҳаж ибодатини енгиллаштириш, зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми иссиқ кунларга тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, Арафот ҳудудидаги Раҳмат тоғига чиқишдан сақланишлари, чодирлардан ибодат билан банд бўлиш, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистонининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш жуда муҳим экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Анжуман доирасида давлатларнинг ҳаж ишларига мутасадди ташкилотлари раҳбарларининг ҳам йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 80 дан ортиқ давлатдан юзлаб олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Юртимизда байрамлар кўп, шодиёналар бисёр. Ҳар бир айёмнинг ўз шукуҳи бор. Илло, Қурбон ҳайитининг файзи, футуҳи, шодлиги, хурсандлиги ўзгача. Чунки бу байрам ҳар йили муҳтарам Президентимизнинг «Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорлари асосида бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланади.
Шу йил 20 май куни қабул қилинган қарорга биноан бу йилги Қурбон ҳайити «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда, меҳр-мурувват, хайру саховат ишлари яна ҳам кенг кўлам касб этишида муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Бу йилги муборак Қурбон ҳайитини ҳар йилгидан кўра ўзгача, кўтаринки нишонланяпмиз. Чунки бу йил ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан юртимизда турли соҳаларда фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган ва қилаётган 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” сифатида Исломнинг бешинчи рукнини мукаммал адо этяпти. Бундай эзгу иш тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади.
Қурбон ҳайити бутун ислом уммати учун жуда катта байрам. Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда мараҳамат қилинади: «Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-оят).
Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз Қурбон ҳайити намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Фақиҳларимиз қурбонликнинг истилоҳий маъносини таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, деганлар. Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан тугайди. Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингач қилинади.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини оила аҳлига, учдан бирини қўшниларига, қолганини муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.
Жоҳилият даврида Макка мушриклари қурбонлик қилиб, гўштини Каъба атрофига осиб, деворларига қонини суртар ва бу билан Аллоҳга яқин бўламиз, деб ўйлар эдилар. Ислом келиб, кўплаб инсонлар ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганларидан кейин, Аллоҳ таоло мусулмонларни қурбонликдан кўзланган асосий мақсад нима эканига эътиборларини қаратиб, қуйидаги ояти каримасини нозил қилди: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозим. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.
Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қурбонликни чин кўнгилдан ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Одам боласи қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида қон чиқаришидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуброқ амал йўқ. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар”, дейилган (Имом Ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).
Қурбон ҳайити – катта байрам. Бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган солиҳ амаллар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аксинча, байрамни азага, мусибатга, маҳзунликка айлантирмаслик зарур.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирларнинг бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланган кишилардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.
Биз ҳам ҳар бир кўнгилга байрам шукуҳини олиб кирайлик.
Қурбон байрамингиз қутлуғ бўлсин!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.