Муборак Қурбон ҳайити арафасида Қашқадарё вилоятида аҳолини ижтимоий ва тиббий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган болаларнинг жарроҳлик амалиётлари, онкологик ва гематологик хасталиклари бор беморларни даволаш, шунингдек, жигар ва буйрак трансплантацияси харажатларини қоплаш учун ажратилган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўз эгаларига топширилмоқда.
Мазкур савобли ишларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Низом Қурбонов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар иштирок этиб, беморлар хонадонига ташриф буюрдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Бу каби эзгу тадбирлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш ва эҳтиёжманд фуқароларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг гўзал намунаси бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайити айёмига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Сурхондарё вилоятидаги барча қабристон ва зиёратгоҳларда умумхалқ хайрия ҳашарлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Мазкур савобли тадбирларда диний соҳа вакиллари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Жорий йилнинг 23 май куни вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳамда вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев Жарқўрғон туманидаги “Маърифат” маҳалласида жойлашган “Мулло Ҳазрат” қабристонига ташриф буюрдилар.
Мутасаддилар у ерда олиб борилаётган тозалаш ва кўкламзорлаштириш ишлари жараёни билан яқиндан танишиб, ҳудудни янада тартибга келтириш ҳамда зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмаларни бердилар.
Бу каби хайрли ҳашар тадбирлари айни пайтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати