Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2026   |   26 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
11 Июл, 2026, 26 Муҳаррам, 1448

“ҲАЖ – 2026” МАВСУМИ ТАРИХИЙ НАТИЖА ВА МУВАФФАҚИЯТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ

30.05.2026   15800   1 min.
“ҲАЖ – 2026” МАВСУМИ ТАРИХИЙ НАТИЖА ВА МУВАФФАҚИЯТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ

30 май куни “Ҳаж – 2026” мавсуми Ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов иштирокида ҳаж ибодати муваффақиятли амалга оширилгани юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда соҳа раҳбарлари ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амаллари ташкилий ва шаръий жиҳатдан жуда чиройли адо этилганини билдириб, Мино, Арафот, Муздалифа, Жамаротдаги ибодатлар ва қурбонликлар ўз вақтида сифатли ҳамда манбаларда белгиланган тартибда бажарилганини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилган ишчи гуруҳи, мингбошилар, элликбошилар, шифокорлар ва ошпазлар жамоаларига алоҳида миннатдорлик изҳор этдилар.


Шунингдек, ҳаж мавсуми давомида юртимиз ҳожилари Давлатимиз Раҳбарининг бевосита кўмакларини, беқиёс ғамхўрликларини ҳис қилиб турганлари, улар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганини алоҳида қайд этдилар.
 

 Айниқса, Президентимизнинг ҳожилар ҳолидан хабардор бўлиб турганлари, қўнғироқ қилганлари, Қурбон ҳайити билан бутун халқимизни қутлагани барча юртдошларимиз қатори ҳаж сафарида юрган ҳамюртларимизни ҳам ниҳоятда қувонтиргани алоҳида таъкидланди.



Йиғилишда таъкидланганидек, “Ҳаж – 2026” мавсуми тарихий натижа ва улкан муваффақиятларга бой бўлгани эътироф этилди.

Зиёратчилар муқаддас манзилларда тоат-ибодатларини рисоладагидек бажариб, хатми Қуръонлар қилдилар, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва Давлатимиз Раҳбари ҳаққига самимий дуолар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“ҲАЖ – 2026” МАВСУМИ ТАРИХИЙ НАТИЖА ВА МУВАФФАҚИЯТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди

10.07.2026   5280   2 min.
Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди

Яқинда Қўнғирот тумани, “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бахтиёр Матякуповнинг хонадонида ёнғин содир бўлиб, келиб чиққан ёнғин натижасида хўжалик аъзолари уй-жойсиз қолди. Ушбу юзага келган ҳолат яқиндан ўрганилиб, тумандаги “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом-хатиби Р.Умаров оила аъзоларининг ҳолидан хабар олди ва ҳомийлар ёрдами билан уй-рўзғор буюмларидан моддий ёрдам берди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 271-оятида: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб баён этади.

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади.  

Садақа ўз эгасини Шайтондан йироқ, Раббисига яқин ва суюкли этади. Садақа туфайли гуноҳлар кечирилади, меҳр-мурувват ва шафқат эшиклари очилади.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган», деганлар.

Аллоҳ таоло юртимизда меҳр-оқибатли ва саховатли инсонлар кўпайишини, эл-юртимиз обод, хонадонларимиз файзли бўлишини насиб этсин! 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Матбуот хизмати

Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди
Ўзбекистон янгиликлари