Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2026   |   11 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:06
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:21
Bismillah
25 Июл, 2026, 11 Сафар, 1448

Зуҳо (чошгоҳ) намози

10.01.2024   8136   1 min.
Зуҳо (чошгоҳ) намози

“Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан(Зуҳо сураси, 1-оят).

Қуёш чиққандан тахминан йигирма дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. У зот алайҳиссалом “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини тиловат қилардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик(ИмомТермизий, Имом Аҳмад ривояти).

Батафсил: http://old.muslim.uz/index.php/rus/maqolalar/item/4039

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

МАГИСТРЛАРГА МАҚТОВ ЁРЛИҒИ ВА ЗАМОНАВИЙ ПЛАНШЕТЛАР ТОПШИРИЛДИ

22.07.2026   15538   1 min.
МАГИСТРЛАРГА МАҚТОВ ЁРЛИҒИ ВА ЗАМОНАВИЙ ПЛАНШЕТЛАР ТОПШИРИЛДИ

Тошкент ислом институти магистратура таълим босқичининг илк битирувчиларига диплом топшириш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний таълим тизими мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, магистратура босқичини тамомлаётган ёш мутахассислар юқори илмий салоҳият, мустаҳкам билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиб, бугунги кунда уларга нафақат диний соҳада, балки давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам эҳтиёж мавжуд.

Шунингдек, диний таълим йўналишида берилган дипломларнинг давлат таълим тизимида тўлиқ тан олинаётгани, битирувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини давом эттириши учун кенг имкониятлар яратилгани ҳамда соҳада узлуксиз таълим тизими изчил йўлга қўйилгани қайд этилди.

Тадбирда диний-маърифий соҳада фаолият юритиш оддий касб эмас, балки юксак масъулият, ватанпарварлик, садоқат ва фидойиликни талаб этадиган шарафли хизмат экани таъкидланди. Илм аҳли зиммасида халқ маънавиятини юксалтириш, маърифатни кенг ёйиш ва жамиятда эзгу қадриятларни мустаҳкамлашдек улуғ вазифалар мужассам эканига урғу берилди.

Тадбир доирасида илмий фаолиятда юқори натижаларга эришган илк 10 нафар магистр Дин ишлари бўйича қўмитанинг Мақтов ёрлиғи ҳамда замонавий планшетлар билан тақдирланди.

Ушбу эътироф ёш мутахассисларнинг илм-фан йўлидаги изланишларини янада ривожлантириш, уларнинг юрт тараққиёти, халқимиз маънавий юксалиши ва фаровонлиги йўлидаги фаолиятига муносиб туртки бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари