Тошкент ислом институтида диний таълимнинг самарали усулларидан бири бўлган «хатмул кутуб» (китобларни тўлиқ ўқиб тугатиш) анъанаси изчил давом этмоқда.
Ана шундай илмий-маърифий тадбирлардан бири – аллома Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг «Асрларни забт этган асар» («Шарҳи Мулло») китоби хатмига бағишланди.
Институт ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан уламолар, соҳа мутахассислари устоз ва талабаларнинг илм йўлидаги ғайрати ҳамда сабр-матонатини юқори баҳоладилар.
Араб тили грамматикасига оид ушбу машҳур асар «Тиллар» кафедраси мудири Улуғбек домла Ҳасанов, ўқитувчилар Ёқубжон домла Бухорбаев ва Абдулбосит домла Нуриллаев раҳбарлигида 2-курс талабалари икки йил давомида дарс ва тўгаракларда ўқиб, тўлиқ хатм қилишди.
Тадбир давомида талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шундан сўнг устоз ва шогирдлар иштирокида китобнинг якуний қисми ўқиб тугатилди.
Маросим сўнгида китобни муваффақиятли хатм қилган 55 нафар талабага «Шарҳи Мулло» китоби бўйича ижозат шаҳодатномалари, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати