Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2026   |   8 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:04
Пешин
12:35
Аср
17:38
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2026, 8 Сафар, 1448

“Ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир”

30.06.2026   20978   2 min.
“Ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир”

Бугун, 30 июнь куни Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда жуда муҳим масалалар кун тартибига чиқди.


Билинглар, энди давлатлар ҳудуди билан эмас, билими билан, аҳоли сони билан эмас, технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас, инсон капитали билан рақобатга киришмоқда, – деди муҳтарам Президентимиз. – Билим, илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги “Билимлар иқтисодиёти” ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.


Мен биламан, ўғил-қизларимизнинг ҳар бирида катта салоҳият бор, истеъдод бор, иқтидор бор. Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!


Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак!..


Кеча Президентимиз ана шундай ўғил-қизларимиздан бир гуруҳини “Келажак бунёдкори” медали ва “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги фармон ва қарорни имзолаган эди. Бугун ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.


Азиз ўғил-қизларим! Мен сизлардаги шижоат, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, доим руҳланаман.


Сиз – азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: катта-катта марралар сари олға қадам ташланг, ўқинг, янги билим, янги касб ва замонавий технологияларни эгалланг, қийинчиликдан чўчиманг, меҳнатдан қочманг!


Шуни билингки, ортингизда сизларни катта умидлар билан вояга етказган ота-онангиз бор, сизларга билим ва тарбия берган, касб ўргатган устоз ва мураббийларингиз бор, сизларга ҳамиша таянч ва суянч бўладиган, ишонадиган ва доим қўллаб-қувватлайдиган Президентингиз бор!


Йўлингиз очиқ, ниятингиз улуғ, қаддингиз баланд бўлсин! – деди Президентимиз ёшлар билан мулоқот якунида.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

“Ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир”
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Таиланд пойтахтида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти намойиш этилди

22.07.2026   2143   2 min.
Таиланд пойтахтида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти намойиш этилди

Бангкок шаҳридаги “International Trade & Exhibition Centre” (BITEC) мажмуасида Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик ҳалол маҳсулотлар, хизматлар ва инновациялар намойишига бағишланган “Grand Halal Bangkok-2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Кўргазмада дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидан келган озиқ-овқат, косметика, фармацевтика ва мусулмонлар кийим-кечаклари ишлаб чиқарувчилари, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, савдо тармоқлари, инвесторлар, импорт қилувчилар, дистрибьюторлар, ҳалол логистика ҳамда ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш билан шуғулланувчи жами 600 га яқин компаниялар маҳсулот ва хизматларини тақдим этди. Расмий манбаларнинг маълумотларига кўра, уч кунлик тадбирга 15 мингга яқин киши ташриф буюрган.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, кўргазма майдонида юртимиз экспонатлари учун махсус павильон ажратилишини таъминладилар. Павильонга ташриф буюрган меҳмонларга республикамизнинг туризм ва зиёрат салоҳиятини кенг тарғиб этувчи тарқатма материаллар тақдим этилди.

Ташриф буюрувчиларда, айниқса, Сурхондарё вилоятида сақланиб қолган буддизм ёдгорликлари, жумладан, қадимий Кушон империяси даврида кенг ривожланган буддавийлик ибодатхоналари, роҳиблар ҳужралари ва будда ҳайкалларининг тарихи ҳамда ҳозирги ҳолатига доир маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Павильонда ушбу тарихий обидалар акс этган махсус баннерлар намойиш этилди.

Шунингдек, тадбир доирасида ўзбек халқининг буюк сиймолари — Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Имом ал-Бухорийнинг дунё тарихидаги ўрни ҳамда башарият цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ёритувчи видеороликлар намойиш этилди. Тошкент шаҳрида янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги махсус видеолавҳалар ҳам йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.

Кўргазма давомида хорижлик меҳмонлар ўзбек халқининг бой миллий маданияти, қадриятлари ва урф-одатларини ўзида акс эттирган бетакрор миллий либослар намуналари билан ҳам яқиндан таништирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари