Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан Хоразм вилоятида ўтказилган республика диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинарида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев имом-хатиблар ва имом-ноиблар билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини ошириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш, диний-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш,MUFTIY.UZ платформасидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда чекка ҳудудлардаги масжидларни замонавий компьютер ва принтерлар билан таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати