Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Туркияда бўлиб ўтаётган «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусидаги халқаро маслаҳат йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари долзарб мавзуда маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз нуқтларида дунёда таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда уммат ҳамжиҳатлигини таъминлаш тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омили экани, фатво кенгашлари замонавий муаммоларга шариат мезонлари ва мўътадиллик тамойили асосида ечим топиши, рақамли асрда интернет орқали тарқатилаётган илмсиз ва асоссиз фатволарнинг олдини олиш ниҳоятда зарурлигини қайд этдилар.
Шунингдек, маърузадаги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, жумладан, Миср Фатво уйининг «Имом Қарофий» мукофотига сазовор бўлган Фатво маркази фаолияти, унинг иш услублари ва тажрибалари ҳақидаги маълумотлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фатво идоралари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурдилар. Айниқса, фатво ҳайъатлари тасдиқлаган фатволар учун ягона рақамли платформа ташкил этиш, интернет тармоғида фатво эълон қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича мезонларни ишлаб чиқиш ҳамда малакали фақиҳларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш кабилар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати