Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
2026 йил 6–7 октябрь кунлари Анқара шаҳрида Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган Халқаро симпозиум ўтказилади. Тадбир Туркия Фанлар академияси (TÜBA), Анқара Йилдирим Боязид университети, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда, хабар бермоқда iccu.uz.
Симпозиумда Амир Темур шахсияти ва Темурийлар даврининг илм-фан, маданият ва санъат тараққиётидаги ўрни, шунингдек, ушбу даврда юзага келган илмий ва маданий юксалиш жараёнлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Темурийлар Ренессанси Марказий Осиё тарихида илм-фан, меъморлик, адабиёт, санъат ва маънавий ҳаёт юксак тараққий этган муҳим тарихий даврлардан бири. Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Балх ва бошқа шаҳарлар илм ва маданият марказларига айланиб, бу ерларда фаолият юритган олимлар ва ижодкорлар жаҳон цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.
Бу тарихий меросни ўрганиш ва унинг замонавий аҳамиятини очиб бериш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолиятида ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Марказ экспозициясида ҳам Темурийлар даврининг илм-фан ва маданият тараққиётидаги ўрни, буюк алломалар илмий мероси ҳамда ушбу даврда шаклланган юксак маданий муҳит кенг ёритилган.
Айниқса, Амир Темур даврида Самарқанднинг улкан сиёсий марказдан ташқари, илм-фан ва маданият маскани сифатида шаклланиши, кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида астрономия ва математика соҳаларида юксак илмий натижаларга эришилиши Темурийлар Ренессансининг муҳим жиҳатларидан саналади.
Шу нуқтаи назардан, Анқарада ўтказилаётган халқаро симпозиум Темурийлар даври меросини халқаро илмий мулоқот доирасида янада чуқур ўрганиш, турли мамлакат олимлари ўртасида фикр алмашиш ва ушбу даврнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тадқиқ этишга хизмат қилади.
Маълумот учун: 2026 йилда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда Амир Темур ва Темурийлар меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган қатор илмий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди. Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, темуршунос мутахассислар иштирок этиб, Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи, илм-фани ва маданиятидаги ўрни муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати