Тил шунчаки муомала ва мулоқот воситаси эмас. У инсонга Аллоҳ табoрака ва таoлонинг ато этган энг улуғ илоҳий неъматларидан биридир. Қуръони каримда инсоннинг яратилиши ва унга баён, яъни сўзлаш, фикр, ифодалаш таълим берилганини алоҳида таъкидланади: «Ар-Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди» («Ар-Роҳман» сураси, 1–4-оятлар).
Ислом ақидасига кўра, дунёдаги ранг-баранг тиллар ва лаҳжалар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикматини кўрсатувчи оят-далиллардир. Ер юзида турли миллат ва элатларнинг мавжудлиги, уларнинг ўз тилига эга экани тасодиф эмас, балки Илоҳий ироданинг гўзал ифодасидир. Бу ҳақда илоҳий каломда бундай марҳамат қилинади: «Ва Унинг оятларидан (қудрати далилларидан) осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир...» («Рум» сураси, 22-оят).
Она тили ҳар бир халқнинг ўзлиги, маънавий қиёфаси ва руҳий дунёсини акс эттирувчи кўзгудир. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига тушунарли бўлиши учун айнан ўз халқининг тилида юборилган. Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда бундай дейилади: «Биз ҳар бир пайғамбарни ўз қавми тили билан юбордик, токи уларга (илоҳий ҳукмларни) баён қилиб берсин» («Иброҳим» сураси, 4-оят).
Бу оятдан кўринадики, тил – динни, эзгуликни ва ҳақиқатни етказишнинг энг муҳим воситасидир. Тилни асраш ва уни ривожлантириш – Аллоҳ берган омонатни асраш билан тенгдир.
Ислом дини нафақат тилнинг келиб чиқиши ва қадрига, балки ундан фойдаланиш одобига ҳам жуда катта эътибор беради. Мусулмон кишининг тили фақат яхшилик ва эзгулик таратадиган восита бўлиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат хайрли (яхши) сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Она тилимиз бўлмиш ўзбек тили асрлар давомида Ислом маърифати, тасаввуф ҳикматлари ва юксак ахлоқ билан суғорилган. Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларимиз бу тилни энг юксак мақомларга кўтарганлар. Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек: «Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз», ўз она тилини ҳурмат қилмайдиган, уни эъзозламайдиган кишилар элига, миллатига эътиборсиз бўладилар. Бундай кимсалар тил, миллат, ватан тушунчаларининг асл моҳиятини, қадр-қимматини ҳеч қачон англаб етолмайдилар. Шу ўринда Ислом нуқтаи назаридан тилни тоза сақлаш қандай одобларни талаб этиши масаласига тўхталиб ўтсак. Зеро, бу одоблар барчамиз учун жуда зарур, чунки уларнинг замирида она тилига ҳурмат-эътибор масаласи ётади. Бу одобларнинг асосийлари қуйидагилардир:
1. Сўзни поклаш, яъни тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, сўкиниш ва беҳаё сўзлардан асраш.
2. Тил софлигини сақлаш – миллат тилини бегона, ахлоққа зид ва мазмунсиз иборалар билан бузмаслик.
3. Пайғамбар суннатига эргашиш: Набий алайҳиссалом сўзлаганда жуда аниқ, тушунарли ва ширинсўзлик билан, тингловчига озор бермай сўзлар эдилар.
Шуни унутмаслик керакки, миллий ўзликни англаш она тили ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилишдан бошланади. Она тилини севиш, уни эъзозлаш ва кейинги авлодларга соф ҳолида етказиш – ҳар бир инсоннинг ватанпарварлик ва маънавий бурчидир. Ислом таълимотида Ватанни севиш ва унинг қадриятларини асраш иймоннинг гўзал кўринишларидан саналади. Тил эса Ватаннинг маънавий чегарасидир. Бу чегарани қўриқлаш Ватан сарҳадларини қўриқлаш каби муҳим ва шарафли ишдир.
Бизнинг ўзбек тилимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби дунёга машҳур алломалар юртида шаклланган ва бойиган тилдир. Бу тилда қанчадан-қанча илмий ва диний асарлар битган, ҳикматлар айтилган. Агар биз ўз тилимизни унутсак ёки унга бепарво бўлсак, ўз миллий илдизларимиздан ва бой маънавий меросимиздан узилиб қоламиз. Тилни асраш, уни ёш авлодга пок, мукаммал ва гўзал кўринишда мерос қолдиришимиз учун қуйидаги ҳаракатларни қилишимиз зарур.
Оилада она тили муҳитини мустаҳкамлаш, яъни фарзандларимизга ёшлигидан она тилимизнинг нафосатини, бойлигини ва гўзаллигини сингдириш.
Илм ва маърифат тилига айлантириш, яъни замонавий фан, технология ва Ислом маърифатини она тилимизда кенг тарғиб қилиш ва асарлар таржима қилиш.
Сўз масъулиятини ҳис қилиш, яъни ҳар бир ёзилган ва айтилган сўз учун Парвардигор олдида жавобгар эканимизни унутмаслик.
Биз бугун шунга аҳамият бермоғимиз лозимки, тил байрами – бу шунчаки байрам санаси эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъматдир. Унга шукроналик билдириш ва ўзликни англаш кунидир. Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг софлиги ва жозибадорлигини сақлаш, тилимизда эзгу ва хайрли сўзларни сўзлаш ҳар биримизнинг инсоний ва диний бурчимиздир.
Аллоҳ таоло она тилимизнинг қадри ва мақомини ҳамиша баланд қилсин, юртимизни маърифат ва тинчлик нури билан мунаввар айласин!
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси.
Бугун, 10 ноябрь куни Бухоро шаҳридаги қадимий ва табаррук илм маскани – Мир Араб олий мадрасасида “Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари” мавзусида халқаро даражадаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур йирик анжуманда маҳаллий ва хорижлик етакчи уламолар, исломшунос олимлар ҳамда диний соҳа мутахассислари жам бўлиб, бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ва уларнинг илмий-амалий ечимларини муҳокама қилдилар.
Конференция аввалида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, профессор Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Татаристон муфтийси ўринбосари, Россия ислом институти ректори Рафик Мухаметшин ва Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Эловлар сўзга чиқди. Нотиқлар бугунги ахборот хуружлари авж олган мураккаб даврда бундай илмий анжуманларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаб, анжуман ишига ривож тиладилар.
Шундан сўнг конференция ўз ишини иккита асосий шўбага бўлинган ҳолда қизғин баҳс-мунозаралар билан давом эттирди.
1-шўба: "Глобаллашув даврида соф ақида: муаммолар ва ечимлар"
Ушбу йўналишда Ибн Халдун университети (Туркия) вице-президенти, профессор Özcan Erkan Akgun ҳамда Қозон ислом институти доктори Рашид Сибгатулин каби хорижлик меҳмонлар билан бир қаторда, юртимиз олимларининг муҳим маърузалари тингланди.
Хусусан:
Соатмурод Примов (Тошкент ислом институти кафедра мудири) Имом Абу Ҳанифанинг адашган оқимларга қарши курашдаги бебаҳо қарашларини таҳлил қилиб берди;
Дилсора Болтаева (Жўйбори калон мадрасаси вакили)нинг "Сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта диний контент: таҳдидлар ва ҳимояланиш стратегиялари" мавзусидаги чиқиши бугунги рақамли оламдаги янги хавфлардан огоҳлантириши билан барчада катта қизиқиш уйғотди;
Асрорхон Маҳмудов (Мир Араб олий мадрасаси) ва Др. Аҳмед Саад (Имом Мотуридий маркази)ларнинг мотуридийлик таълимотида васатийлик тамойиллари ҳамда тасаввуф уйғунлигига оид маърузалари тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.
2-шўба: "Глобаллашув даврида тасаввуф: маънавий мерос ва замонавийлик"
Мазкур шўбада тасаввуфнинг жамият маънавиятидаги ўрни ва бугунги кундаги аҳамияти кенг очиб берилди.
Аҳмад Муҳаммад Али Мисрий (Мир Араб олий мадрасаси) Абу Ҳафс Насафий мисолида Қуръони каримнинг тасаввуфий тафсирига тўхталди;
Шукурилло Умаров (Имом Бухорий маркази) жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда Нажмиддин Кубро таълимотининг ўрни ҳақида сўз юритди;
Учқун Авлиёқулов (Мир Араб олий мадрасаси проректори) эса Малайзиядаги замонавий тасаввуф ташкилотлари ва маънавий дипломатия тажрибаси билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Мисрнинг Бухоро давлат университетидаги вакили Др. Айман Усмон каби олимлар ҳам ўзларининг илмий хулосаларини тақдим этди.
Умуман олганда, мазкур халқаро конференция глобаллашув шароитида ёт ғояларга қарши соф ақидани сақлаш, аждодларимизнинг бой тасаввуфий меросини ўрганиш ва мўмин-мусулмонлар онгини турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда муҳим илмий-амалий минбар вазифасини ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати