Сўнгги пайтларда дунёда селфи эпидемияси кенг тарқалиб, бу севимли машғулот шу даражасига етдики, селфи олишни ўргатадиган махсус сайтлар, пойабзаллар, мактабларда эса хавфсиз суратга олиш дарслари жорий этилди.
Хўш, биз камерада ўзимизни суратга олишни исташимиз худбин бўлиб қолишимизни англатадими?
Инсонлар яқин-яқингача шахсий ҳаётини ўзгалардан яширар, бу масалада эҳтиёткорроқ муносабатда бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу манзара ўзгарди. Технологиялар ривожи инсониятнинг неча асрлар оша яшаб келган қадрияту маданиятларига ўз таъсирини ўтказди. Эндиликда кишилик жамияти нафақат ўз-ўзини ҳурмат қилишни ҳатто шахсий ҳаётнинг қадр-қимматини ҳам унутмоқда. Манманлик, худбинлик авж олиб ҳамма ўзи ҳақида бутун дунёга жар солишга тайёр. Нима қилса ҳам тезроқ машҳур бўлиш, ҳамма у ҳақида гапиришини истайди. Бу борада эса селфимания асосий қуролга айланган.
Қизиғи шундаки, селфи қанчалик гўзал бўлса, шунчалик кўп “лайк”ларни йиғади. Бу бир қараганда зарарсиз бўлиб туюлиши мумкин, лекин агар фотосурат кам лайкларни йиғса-чи? Бу кишида ўзи ҳақида салбий фикрларни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам баъзи одамлар телефон камерасидан ажралмайдилар ва Твиттер, Instagram ёки Facebookдаги издошлари учун истеъмол маҳсулоти каби яшайди. Бундай севимли машғулот аллақачон касалликка айланиб улгурган.
Бу борада тадқиқот ўтказган мутахасиссислар фикрича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва селфи ихлосмандлари руҳий касалликдан азият чекаётганларини ўзлари ҳам тушунмайдилар. Унга берилиш хулқ-атворга салбий таъсир этиши мумкинлигини тадқиқотчилар алоҳида таъкидлашмоқда.
Хўш, Ислом оламида селфига бўлган муносабат қандай?
Умра ва ҳаж зиёратига борганларнинг аксарияти зиёратдан хотира сифатида қолиш учун Каъба фонида ўзларини суратга олади. Бунда бир қараганда ҳеч қандай салбий иллат йўқдек. Аммо инсон ўзини қанчалик ишонтирмасин, унинг оқибатларида оз бўлса-да беъманилик бор.
Мисол учун, сиз Мадинаю Маккада ибодатларни амалга ошираётганингизда ёки Аллоҳга астойдил дуо қилаётганингизда ёнингизга бир киши келиб селфи олиш билан овора бўлади. Бу сизга оғир ботиши тайин. Агар бу ишни сиз қилган бўлсангиз билингки, сиз кимларнингдир ғашига текиб, унинг ибодатига ҳалақит берган бўлишингиз мумкин.
Айниқса, Маккада Каъба атрофида тавоф амалининг ўртасида селфи олиш учун одамлар тўхтаб қолса, бу тиқилинчлик ҳосил бўлишига олиб келади ва кўплаб одамларга муаммо туғдиради. Бу ҳақда Масжидул Ҳаромда хизмат қилувчи ходимлардан бир бундай дейди:
"Кейинги йилларда зиёратчилар орасида селфига тушиш одам тусига кириб бормоқда. Бу албатта, кимлар учундир маъқул ишдир. Аммо ёнидаги кишилар озор бермаган ҳолда суратга олса зарари йўқ. Бироқ бугун айрим инсонлар жума кунлари жума намози пайтида имомни тинглаш ўрнига, ибодат қилувчиларни суратга олишни ёки селфи қилишни афзал кўради. Улар бу ҳаракати билан ўзгаларнинг ғашига тегаётганини ёки ибодатларига озор бераётганини тушунмайдилар”.
Бу борада зиёратчиларнинг ўзи нима дейди?:
"Мен Каъбани кўриш ва умра амалини адо этишни узоқ йиллар давомида кутдим", – деди покистонлик Абдул Раҳмон Ясин. – Шунинг учун бу сафарим абадий ёдимда қолишини истайман. Селфига тушишимнинг сабаби ҳам шу. Бу менинг мобиль телефонимдаги энг яхши фотосурат бўлади."
Қувайтлик яна бир зиёратчи Холид Ал-Шимран: “Каъбанинг кўриниши ҳақиқатан ҳам ажойиб ва ҳаяжонли. Мен буни дўстларим ва издошларим билан ижтимоий тармоқларда баҳам кўрмоқчиман.”
Зиёратчиларнинг селфига тушишининг сабаби тушунарли, лекин ҳар бир инсоннинг қалбида қолиши керак бўлган ҳаяжонли дақиқаларнинг ўзи улар учун етарли эмасми? Селфи бахт ва қувонч туйғусини етказа олмайди, у фақат юздаги ҳиссиётни акс эттириши мумкин, холос. Макка каби муқаддас жойда бебаҳо онларни шу каби ишлар билан ўтказишга арзийдими? Ёки Каъба селфи олиш учун кўнгилочар марказга ўхшайдими? Ё селфи алоҳида дунёга чўмиб, Аллоҳга яқинлашганингизда ўша ноёб дақиқани қайта тиклашга ёрдам берадими? Бу ҳаракатимиз билан ибодатимизни риёга алмаштириб қўймаяпмизми?
Эътибор қаратсак, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига ижтимоий тармоқларнинг кириб бориши, энг нозик дақиқаларнинг яратувчиси – Аллоҳ билан ёлғиз қолишдек муборак ибодатимизни барчага фош этиб, ибодатларимизга ҳам таъсир этмоқда.
Бугун ҳаж ва умра ибодатларини бажариш пайтида ҳар қадамда телефонидан қўрслик билан суратга тушаётган одамларни кўрасиз. Афтидан, агар улар суратга тушмасалар, ҳеч ким уларга ишонмайди.
Агар фотосуратларимиздан бирини тармоққа жойлаш биз учун ибодат қилишдан кўра муҳимроқ бўлса, қандай қилиб ҳаж ё умра қилганимиз учун мукофот олишимиз мумкин? Агар сиз Facebookдаги Каъба фонида сизнинг суратингиз остидаги "лайклар" сонини доимий равишда текшириб турсангиз, ҳаж руҳини ҳис қилиш мумкинми?
Бир мулоҳаза қилинг, биз ибодатнинг энг қизғин лаҳзаларида фикру-хаёлимиз фақат Аллоҳ таолога қаратилган бўлса, нега селфи олиш орқали хушумизни йўқ қилишимиз керак?!
Қисқасини айтганда, ҳар бир инсонда тан олиниш ва қадрланиш истаги бор. Аммо бунга фотосуратлар ёки селфи орқали эришилмайди. Чин мўмин учун Яратувчининг розилиги қизиқтиради, ўзгаларнинг нечта лайк босгани эмас.
Абдулла Муслимов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД