Ёмонликдан қайтариш
Умр – инсоннинг энг бебаҳо бойлиги. Унинг қиймати ҳам, ўлчови ҳам йўқ. Қадрли вақтимизнинг исроф бўлиши эса энг аламли ҳолат.
Ҳаёт тақозоси билан турли идораларга ёки айрим инсонларга ишимиз тушиб, уларни соатлаб кутишга тўғри келади.
Яқинда пойтахтдан водийга бориш учун бир киракашга қўнғироқ қилиб, тонг-саҳарда жўнашим зарурлигини айтдим. У: “Тонгги бешда етиб бораман”, деди. Бироқ эрталаб соат олтидан ўтса-да, ундан дарак бўлмади. Қўнғироқ қилсам у: “Йўлдаман, одам оляпман”, деди. Шундан сўнг ҳам у салкам бир соатда келди. Машинада бирор йўловчи йўқ. “Одамларингиз қани?” десам: “Ҳали тайёр эмас экан. Йўл-йўлакай олиб кетамиз”, деди. Хуллас, машина пойтахтдан чиқишда соат 10 дан ўтганди. Йўл-йўлакай газ қуйиш шахобчаларига кириш, тушлик билан кеч кирганда уйга етдик. Бир кунлик умрим йўлга кетди.
Бундай ҳолатга кўплаб юртдошларимиз дуч келгани тайин. Худди шундай бирор мансабдор ёки хизмат кўрсатиш идораларига ишингиз тушса, “кутиб туринг”, дея соатлаб вақтингизни олиши одатий ҳол. Бундан ҳам ёмони, бирор киши қарз бериб ун ололмай сарсон бўлишда. Унга вақтинг ҳам, асабинг ҳам кетади. Шу боисдан бўлса керак, кейинги пайтда одамлар орасида қарз олди-бердиси камайиб боряпти.
Афсуски, кундалик ҳаётимизда ёлғон сўзлаш ёки ваъдани бажармаслик оддий ҳолга айланган. Динимиз эса лафзсизлик, ёлғон гапириш ва шу орқали пул топишдан қайтаради. Бу йўл билан топилган мол ҳаром ҳисобланади. Шундай бўлса-да, ёлғон гапираётган кўплаб инсонларни учратамиз.
– Кўпинча айтган сўзидан чиқадиган, бир тийинга хиёнат қилмайдиган инсонни кўрсак: “Немисча ҳисоб-китоб қилар экан”, деб қўямиз. Аслида ваъдага вафо, айтган сўзидан чиқиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш мусулмоннинг иши эмасми? – дейди Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари. – Араб ўлкаларидан бирида узоқ йиллар муфтий бўлган бир уламо оғир бетоблиги туфайли Ғарб мамлакатларида даволанибди. У соғайиб юртига қайтгач, шогирдлари у кишидан: “Устоз, Ғарб давлатларида нима кўрдингиз?” деса, устоз: “У ерда Исломни кўрдим. Аммо мусулмонни кўрмадим. Афсуски, бизда мусулмон кўп, аммо чин Ислом ахлоқи йўқ”, деб йиғлаган экан. Алҳамдулиллаҳ, аҳолимизнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. Аммо улар орасида ёлғончи, ўзгалар ҳақини ейдиган, омонатга хиёнат қилаётганлари ҳам бор.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ваъда қарздир”, дедилар ва унинг масъулияти юксак эканини таъкидлаб: “Ваъда қилиб, кейин унга хилоф қилган кишининг ҳолига вой бўлсин!” дея уч бора такрорладилар».
– Афсуски, кейинги пайтларда ваъдабозлик, сўзида турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда, – дейди ЎМИ Фатво маркази мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – “Фалон жойда, фалон соатда учрашамиз”, деб шартлашиб, унга амал қилмайдиганар, “Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма” дея, ўша заҳоти унутадиганлар ёки фарзандига: “Бу ишни қилсанг, буни олиб бераман”, дея ваъда беради-ю, вафо қилмайдиганлар қанча. Турли баҳоналар билан қарз олиб, пул берганни сарсон ва пушаймон қилаётганларни айтмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, ваъдага вафо қилмаслик – катта ва оғир гуноҳ. Бундай кимсалар ҳақида Қуръони каримда: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси 56-оят), дея марҳамат қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Омонатдор бўлмаган кишида (комил) иймон йўқ. Ваъдасига вафо қилмайдиган кишида (комил) дин йўқ”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят). Демак, мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун омонатни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлардан бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин!
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Демак, мунофиқликнинг белгиларидан бири ваъда берса, бажармасликдир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: “Ҳа бўлиши мумкин”, дедилар. Яна улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: "Ҳа қўрқоқ ҳам бўлади", дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ”, деб жавоб бердилар.
Ёлғончилик катта гуноҳлардан бири бўлгани учун ҳам Қуръони каримнинг бир юз олтмиш еттита оятида бу иллат ҳақида келтирилган. Шулардан бирида: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас”, деб баён қилинган (Ғофир сураси, 28-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар».
Барчамизга ростгўйлар қаторида бўлиш насиб этсин.
Бобур МУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Амр ибн Оснинг қалби ислом нурини кўрди. Маккадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Исломга кириш учун Мадина сари йўлга тушди. Йўлда Холид ибн Валидга учради. У ҳам Мадинага мусулмон бўлиш учун кетаётган экан. Қурайшнинг энг ақлли ва закийси ҳамда унинг бемисл қаҳрамони бир кунда Исломга киришди.
Динимизнинг ажойиблигига қаранг! Шаҳарлардан олдин қалбларни фатҳ қилади. Қўрғонлардан олдин кўнгилларни эгаллайди!
Амр ибн Ос масжидга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Қўлингизни очинг, байъат қиламан!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини очдилар. Аммо Амр қўлини мушт қилиб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Сенга нима бўлди, Амр?
- Шартим бор!
- Шартинг нима экан?
- Менинг мағфират қилинишим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Билмайсанми, Ислом олдинги гуноҳларни йўқотиб ташлайди! - дедилар.
Тавба янгидан исломга киришдир. Аллоҳ томон юзланинг. Гуноҳингиз ҳар қанча катта бўлмасин, афвдан умид узманг. Ширкдан кўра катта гуноҳ йўқ. Зино, ўғирлик, рибо ейиш қанчалар катта гуноҳ бўлмасин, ширкнинг олдида кичикдир. Шундай бўлса-да, мушрик агар ширкини тарк қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Энди осий мусулмонни кечириши унинг гуноҳлари қанчалик катта бўлмасин, албатта, лойиқ ва муносиб бўлади!
Инсонларнинг гуноҳлари қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳнинг мағфирати ундан-да, каттадир!
Тавбанинг учта шарти бор:
1. Дарҳол ўша гунохдан сақланиш.
2. Пушаймон бўлиб ўша гуноҳга қайтмасликка азм этиш. Агар заифлик қилиб, яна гуноҳга қайтиб қолса, яна тавба қилиш.
Менинг қалбимга ўрнашиб қолган бир ҳадис бор, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўмин банданинг вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳи бўлади. Дунёдан ўтгунича ажрала олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўмин киши синовдадир (Аллоҳ уни бало, гуноҳ ва фитналар билан синайди), у кўп тавба қилувчи бўлади, у (қилган гуноҳларини) унутувчи бўлади. Агар унга эслатилса, эслайди (яъни Аллоҳнинг азоби эслатилса, эслаб гуноҳидан қайтади)».
Имом Табароний ривоят қилган, саҳиҳ.
3. Агар бировларнинг ҳаққини еган, ерини тортиб олган ёки меросда бошқанинг улушини эгаллаб олган бўлса, уларни қайтариб тавба қилинади.
Агар бир кунда минг марта гуноҳ қилсангиз, Аллоҳга минг марта тавба қилинг. Шайтон энг кўп истайдиган нарса банданинг ноумидлигидир. Умидни узишдан сақланинг!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди