Куфа фиқҳ мактабига Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган бўлсалар, унинг тараққий этишида шогирдлари Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳиссаси катта. Олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан бўлиб, “Шайбоний” унга берилган нисбадир. Отаси асли Дамашқ яқинидаги Ғута қишлоғидан бўлган. Имом Муҳаммад Ироқдаги Восит қишлоғида 749 (123 ҳ.) йили туғилиб, Куфа ва Боғдод шаҳарларида вояга етган. Ўн саккиз ёшгача устози Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларида таълим олган.
Абдулкарим Зайдон Шайбоний: “Абу Ҳанифа фиқҳ йўналишида асар битмади, унинг сўзлари бизгача Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасанлар (раҳимаҳумаллоҳ) орқали етиб келди”, деб ёзади. Ҳақиқатда, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мактабининг услуби ижтиҳод руҳини тарбиялайдиган, ўқувчиларда эркин фикрни шакллантирадиган ҳалқа бўлган.
Шунингдек, бўлғуси олимга Мисвор ибн Кидом, Молик ибн Миғвол, Умар ибн Зар Ҳамадоний, Суфён Саврий, Абдураҳмон Авзоъий (раҳматуллоҳи алайҳим) устозлик қилишган. Мадинада Имом Моликдан (раҳимаҳуллоҳ) уч йил таҳсил олиб, сўнгра Боғдодга қайтиб, фаолиятини давом эттирган. Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) билан кўп масалаларда мунозара қилишган. У зот Имом Муҳаммадни устозим деб ҳурмат билан тилга олган.
Имом Муҳаммаднинг барча китоблари бизгача етиб келган. Дасуқий айтишича, у фиқҳни илмий услубда китоб шаклига келтирган биринчи олим эди. Олимлар Имом Муҳаммад асарларини икки гуруҳга бўлишади: биринчи гуруҳга “Мабсут”, “Зиёдот”, “Жомеи кабир”, “Жомеи сағир”, “Сияри кабир”, “Сияри сағир” китоблари киритилиб, уларнинг ҳаммаси “Зоҳир ривоя” деб номланган. Китобларнинг бундай аталиши уларда келтирилган далилларни ишончли кишилар ривоят қилишгани туфайлидир. Иккинчи турга “Кайниёт”, “Ҳоруниёт”, “Журжониёт”, “Руқиёт” ва “Китоби зиёдот”лар киради. Улар «Ғайри “Зоҳир ривоя” китоблари» деб номланган.
Мазкур асарлар йиллар давомида мазҳаб фақиҳлари учун ишончли манба бўлиб келган. Имом Абу Фазл ибн Муҳаммад Марвазий “Зоҳир ривоя” китобларига “Куфий” деб ном берганлар.
Олимлардан Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Ҳафс Бухорий, Мусо ибн Носир Розий, Муҳаммад ибн Симоъ, Муалло ибн Мансур, Иброҳим ибн Рустам, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ, Исо ибн Ибон, Муҳаммад ибн Муқотил, Шаддод ибн Ҳукайм ва бошқалар Имом Муҳаммаднинг шогирдларидир. У зот илмга рағбати кучли бўлганидан баъзан уй аҳлига ҳам: “Мендан кундалик эҳтиёжингизни сўраб, фикримни чалғитманглар, ҳожатингиз бўлса, вакилим орқали ҳал қилинглар”, дер экан. Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ихтилофли масалаларда Муҳаммад ибн Ҳасандан бошқа қониқтириб жавоб берадиганини учратмадим, ҳалол ва ҳаром, носих ва мансух масалаларида ундан билимдонроғини кўрмадим”, деб ёзади.
Суфиев Жаъфархон
Тўрақўрғон тумани
"Исхоқхон тўра" жоме масжиди
имом ноиби
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати