Бобомиз Одам алайҳиссалом замонларидан бери мавжуд бўлган бир жамият бор. Унга лаънати иблис асос солган, бошқарув мажлисига ҳам ўзи раислик қилган ва унга аъзо бўлиш учун қабиҳ шартлар қўйган: маккорлик, айёрлик, гиж-гижлаш, одамларни тафриқага солиш, ҳиқду-ҳасад, адоват, ёмон кўриш ва ҳоказо…
Саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келади: “Иблис тонг отганда аскарларини ерга тарқатади ва айтадики: “Ким бугун битта мусулмонни йўлдан урса, унга тож кийғазаман”. Кейин ҳалиги аскари бориб келиб айтади: “Хотинини талоқ қилмагунча қўймадим, ярашиб кетишига сал қолганди”. Яна бошқаси: “Ота-онасига оқ қилдирдим, сал қолса уларга яхшилик қилиб қўярди”. Яна биттаси келиб: “Мен бир мусулмонни ширк келтиришга олиб бордим”, деса иблис “Сен, айнан сен!” дейди. Кейин яна биттаси келиб: “Мен битта мусулмонни васаваса қилиб тинч қўймадим, охири у одам ўлдирди”, дейди. Шунда иблис: Сен, айнан сен!”, дейди ва унга тож кийдиради”.
Ўша замонлардан бери бу жамият аъзолари, макр-ҳийлаларининг тури кўпайиб бормоқда.
Ҳатто шундай одамлар чиқдики, лаънати иблисга ўзларини нисбатлаш ила фахрланадилар. Баъзилари маккорлик бобида шу даражага етганки, иблисга дарс беради, шайтон ҳам уларнинг олдида ип ечолмайди. Шунақалардан биттаси мақтаниб шеър ёзган экан:
Бўлган вақтим шайтонга аскар
Юрагимга хўп қувонч тўлди
Кунлар ўтиб, йиллар айланиб
Иблис менинг аскарим бўлди!
Хўш, улар нега бунчалик ҳаракат қилишади, бу алдовларнинг боиси не?
Сабаби иблис ва унинг аскарлари ҳақида Анъом сурасининг 112-оятида:
“Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар”, дейилган. Улар Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч кимнинг муваффақият қозонишини хоҳлашмайди, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунилишини исташмайди. Ҳеч ким мақбул амалларга, Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлмасин дейишади. Улар ҳар қандай муваффақиятга, ҳар қандай яхшиликка душмандир.
Уларнинг лойиҳасида қуйидаги бандлар бор:
Яхши амаллар қиладиган одамни амалидан қолдириш;
Ёмон амал қиладиган одамни ёмонликка одатлантириш;
Макру-ҳасаднинг барча воситаларини оммага ёйиш;
Ҳар қандай эзгу амалларни йўққа чиқариш;
Ҳақиқатларни ўзгартириб юбориш ва чиройли гаплар билан одамларни ақлдан оздириш;
Одамлар қалбига ўзаро ғиллу-ғашлик, адоватни ёйиш;
Совға-саломларни бекор қилиш, бидъат-хурофотларни юзага келтириш.
Бу жамият ҳатто турли ахборот воситаларига ҳам дахл қилмоқда, интернет сайтларида одамларни ўз домига тортмоқда. Мақсад – аъзоларни кўпайтириш, инсониятни гуноҳ-маъсият ботқоғига янада ботириш. Ҳар бир ижод, ҳар бир иқтидор, ҳар қайси ишдаги муваффақият ва ҳар қандай мутахассислик – бу жамият аъзоларининг хўрагидир...
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
#xabar #haj2026 #ellikboshi #vazifa
Жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2026” мавсумида ҳожилар ибодатига бошчилик қилувчи гуруҳ раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб, ҳар бир элликбоши Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилишда жорий мавсумни намунали ўтказиш учун амалга оширилаётган ишлар, жумладан, 300 нафардан зиёд элликбоши саралаб олингани, ўқув-семинар машғулотлари ўтказилгани, зиёратчилар билан учрашувларда эътибор қилиниши зарур бўлган масалаларга урғу қаратилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз сўзлари давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, аҳкомлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ҳамда зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ҳаж амалига оид шаръий масалаларда фақат Фатво маркази фатволарига риоя этиш, ҳаж сафарига доир қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни пухта билиш, ўзаро ёрдам муҳитини шакллантириш, зикру ибодатларни кўпайтириб, сафарни мазмунли ўтказиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати