Cавол: Мен маҳзунликдан чиқишга чора топа олмаяпман, қандай дуо ўқисам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
"Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ" калимасини кўп айтиб юринг. Чунки Имом Табароний ва Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким "Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи"ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", деганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Савол: Аёллар сажда қилганда билак ва тирсакни қай ҳолда тутадилар?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёллар саждани ҳам қимтинган, ўзларини йиққан ҳолда бажарадилар. Бунда қўлнинг билаклари ерга тўшалган, тирсак ҳам ерга теккизилган ҳолда бўлади.
Шунингдек, қўлнинг билакдан юқори қисмини ўзларидан узоқ тутмайдилар, яъни қўлтиқ орасини очмайдилар. Сонлар қоринга ёпиштирилган ҳолда тутилади.
Бу ҳақда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:
وَتَنْضَمُّ فِي رُكُوعِهَا وَسُجُودِهَا، وَتَفْتَرِشُ ذِرَاعَيْهَا
“Аёл киши руку ва саждада қимтинган ҳолда бўлади, саждада билакларини ерга тўшайди” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.