Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Исрофсиз тўй муборак!

06.12.2022   1897   5 min.
Исрофсиз тўй муборак!

…Амаким шунақа тўй бериб элга,
Эртанги овоза гаштини сурар.
Топган-тутганини совуриб елга,
Эшик панасида бўзрайиб турар (Анвар Обиджон).

Тўй ҳам ўтди.  Уй соҳиби хоҳлаганидек довруғи достон бўлди.  Кетма-кет уч кунлик шов-шувлардан “Бечора, бой бўлмаса ҳам емай-ичмай тўплаган экан-да?” дегувчилар кўп бўлди.  Аммо унинг ичидан ўтаётганлари ўзигагина аён. Таниқли шоир Анвар Обиджон таърифлаганидек, бўзрайиб қолганди. Аёлининг у дугонам бундай қилганди, буниси ундай деган харҳашалари кўпга тушди. Тўйдан кейин  рўзғорга ярар, деб тишининг  ковагида сақлаганлари ҳам тугади. Энди яна урфга кирган алламбало одатлари бормиш, уларни қандай амаллайди? Хаёлида тўхтовсиз саволлар айланарди:

– 40 кунлаб “мазар” ташиш шартмикан? Бу ҳали холваси дейдими, байрамликларга нима бор экан?  Отам раҳматли онамга “Кампир, гап сарпо-суруғу, хотин-халажнинг сўзида эмас, аввало, бахтини берсин. Келинчак ҳам бизга қўшилиб қаттиқ нон бўлса ҳам, ош бўлсаям ейверади-да, тили қисиқ бўлишдан Худо асрасин”, деб кўп айтарди. Мана бугун шу гапларнинг мағзини чақяпман”.

Табиатан меҳмондўст, қўли очиқ халқмиз. Элга ош бериш, кўпнинг дуосини олиш ўзлигимизнинг бир бўлагига айланган. Тўйларга етказсин, ҳар кунинг тўй бўлсин, деган дуою тилакларимиз бор. Албатта, тўй шундай. Аммо унинг динимизда ўзига хос қонун-қоидалари, ота-боболардан мерос урфлари бисёр. Афсуски, бугунги маросимлар отчопарда от сураётган чавандозлар пойгасини эслатади. Шунча дабдабадан сўнг ҳам қанча-қанчаси арзимаган “қилди – қилмади”, деган гап-сўзлар билан бузилиб кетаётгани ташвишли ҳол.

Бир куни автоуловдаги ҳамроҳларимдан бири қиз чиқарганига икки ой бўлганини айтиб қолди. Қўлида бир дунё нарса. “Кўрмайсизми, қиз бериб қутулдим, десам тутилганга ўхшайман. Ака-ука, овсинлар қолиб, ҳали йўлга кирмаган жиянларига ҳам байрамлик олишим керак экан.

– Шунча ҳашам нимага керак, – дея гапга қўшилди олд ўриндиқда ўтирган отахон. – Эҳҳ, сизларни шу майда-чуйдаларингиздан ўргилдим.  Кўнглингиз бўлмаса, битта тўртни олиб укасими, акасими йўқлаб келсин, бўлади-да. Сингилларни ҳолидан хабар олиш йигит кишига фарз.

– Бермай десам, қўни-қўшни янги келинга нима келди, деб пойлаб турармиш.  Қизимнинг юзидан ўтолмайман, дея куюниб гапида давом этаркан аёл.

Онахон ортиниб, тошинганидан эмас, уялганидан қилаётгани кўриниб турарди.

Назаримда тўй бошлашдан аввал оиланинг кексалари билан кенгашишлар камайиб кетяпти. Бобою момоларимиз  исроф нима,  эҳсон нима яхши билишади. Ихчамгина, қуда-андаларнинг бир-бирига солиқларсиз ўтказган ўзбекона тўйга нима етсин. Исроф баракани йўқотади, дея улар бежиз кўп такрорлашмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни исроф қилмасликка буюриб: “...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оятлари).

Молини ҳасислик ва исрофга йўл қўймасдан хайр эҳсон қилган бандасига Аллоҳ таоло кутмаган жойидан нематлар ато этади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай таълим берадилар: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилингар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар” (Имом Аҳмад ва Ибн Можжа ривояти).

Агар мўмин киши марака маросимида кетадиган маблағнинг бир қисмини ўша фарзандининг ҳақиқий эҳтиёжи, уларнинг келажаги,  оила юмушларини енгиллаштиришга сарф этса янада манфаатли бўларди.

Жамиятимизнинг мазкур муаммоси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори  қабул қилинди.

Унга кўра миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Пандемия даврида ихчамгина тўйлар ҳам бўлди. Кўпчилик бўларкан-ку, деганди ўшанда. Бироқ кўп ўтмай, яна ўша ҳолат... Гўё айрим “тўйчи”лар учун тўй эмас, ундаги шоҳона расм-русумлару ўзини кўз-кўз этиш муҳимдек. Шу ўринда машҳур “Учрашув” интермедияси ёдга тушади: “Ҳаво керак эмасми?”.

Ён-атрофдан муаммоларнинг олдини олиш учун маҳалла раислари, уларнинг маслаҳатчилари, имом-хатиб ва отинойилар тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши керак деган фикрларни кўп эшитамиз. Аввало, ўша тўй эгаларининг дунёқарашини тўғрилашимиз керак. Шунда эл орасида дабдабабозлик камайиб, тўйлар қарз, етишмовчилик, ғурбат келтирувчи ташвишга эмас, қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи, хурсандчилик келтирувчи маросимга айланади. Буни яхши тушунган киши ўзи, оиласи, халқи ва юртига манфаат келтирадиган режа асосида қувончли кунини ўтказади. Ана шу ­хислати унинг маънавиятини кўрсатиш баробарида жамиятни ортидан эргаштиришга ҳам хизмат қилади.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА,

журналист

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   4198   3 min.
Икки улуғ неъмат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ

МАҚОЛА