Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Жамоат билан бирга бўлиш раҳмат бўлса, ундан ажралиш азобдир  

04.12.2022   1591   4 min.
Жамоат билан бирга бўлиш раҳмат бўлса, ундан ажралиш азобдир   

 

Фитналар содир бўлганида мусулмон киши шариатнинг бунга муносабатини билмоғи керак бўлади. Бунинг учун эса аҳли сунна уламоларидан сўраши ва уларнинг кўрсатмасига кўра ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранглар”, деган. Бошқа бир оятда эса Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қосангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”, дейилган.

Ибн Аббос бу оятнинг тафсирида “ўзларингиздан бўлган ишбошилардан” мурод дин ва фиқҳ аҳли деганлар.  Қолаверса, эсдан чиқармаслигимиз керакки, аҳли сунна вал жамоа уламолари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидир. Фитналар пайтида қандай йўл тутишимизни улардан сўрашлик бизларга вожиб бўлади.

Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар…”, дейилган.

Уламолар Аллоҳнинг шариатининг ёрдамчилари, инсонларга ҳақни ботилдан, ҳидоятни залолатдан ажратиб баён қилиб берувчилардир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсонлардан шундайлари борки, улар яхшиликлар учун калит, ёмонликлар учун қулфдир”, деганлар.

Фитналар эшигини ёпадиган ҳам, улардан чиқиш калити ҳам уламолардир. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоа уламолари атрофида йиғилиш ва улар билан бирлашиш лозим бўлади. Мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлгандагина фитналар зарар қилмаслиги мумкин. Чунки бўри ҳам подадан айрилган қўйга ҳужум қилганидек, шайтон ҳам мусулмонлар жамоасидан ажралган кишиларни фитналар домига тортиб боради.

Башир ибн Амрдан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд чиқаётган пайтида биз тайёрланиб турдик. У Қодисия йўлида келиб тушди. Бир боғга кириб, қазойи ҳожат чиқарди. Сўнгра таҳорат олди. Сўнгра чиқди. Унинг соқолларидан сув томиб турарди. Биз унга: “Бизга насиҳат қилинг. Инсонлар фитнага тушганлар. Сиз билан яна учрашамизми, йўқми билмаймиз”, дедик.

Шунда у: Аллоҳга тақво қилинглар. Яхши одам хотиржам бўлгунча ёки фожирдан қутилгунча сабр қилинглар. Жамоатни лозим тутинглар. Албатта, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини залолатда жамламайди, дедилар. Жамоат билан бирга бўлиш раҳмат бўлса, ундан ажралиш азобдир. Жамоат билан бўлган киши фитналардан узоқ бўлади ва нажотга эришади. Жамотдан ажралган киши эса фитналарга тушади ва азобга дучор бўлади. Жамоат бу фақат  кўпчилик дегани эмас, балки аҳли сунна вал жамоа йўлидан юрган кишилар жамоатдир.

Шунинг учун Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Агар фақиҳ тоғни устида бўлса эди, у жамоат бўларди”, деган эдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар. Мен эса унга тушиб қолишимдан қўрқиб ёмонликлар ҳақида сўрардим. Мен “Ё Расулуллоҳ! Биз жоҳилият ва ёмонликларда эдик. Аллоҳ таоло бизга мана бу яхшиликни келтирди. Бу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” деб сўрадим. “Ҳа. Фақат унда дахон бўлади” дедилар. “Унинг дахони нима?” дедим. У зот: “Бир қавмлар бўлади, улар менинг йўлимдан бошқа йўлда бўладилар. Уларни танийсан ва инкор қиласан” дедилар. Мен “Мана шу яхшиликлардан кейин яна ёмонликлар бўладими?” дедим. “Ҳа. Жаҳаннам эшигига чақирувчилар бўлади. Ким уларга ижобат қилса, унга (жаҳаннамга) тушадилар” дедилар у зот. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бизга уларни сифатлаб беринг” , дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг терилари худди бизнинг териларимиздек, бизнинг тилларимиз билан гаплашадилар”, дедилар. “Ўша нарсалар менга етиб қолса, менга нимани буюрасиз”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имомларини лозим тут”, дедилар.

 

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

22.08.2026   31089   4 min.
Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?

“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.

“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.

“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?(Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.

Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.

Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.

Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.

Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.

Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.

Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА