"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.
|
Ушбу асар ватанимизнинг XX асрдаги фожиали ва мураккаб тарихини ҳаққоний ҳамда холис ёритиб берган ноёб манба сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилади. Унда собиқ СССР ва ўша даврдаги Хитойнинг Марказий Осиё ҳамда Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсати атрофлича ёритилган бўлиб, уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон халқларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган курашлари акс эттирилган. Асли чиғатой туркий тилида ёзилган бу битик Франциянинг таниқли шарқшуноси ва соғунийшунос профессори Стефан Дудюанйон (Stéphane A. Dudoignon) томонидан 2024–2026 йиллар давомида француз тилига таржима қилинди ва нашрга тайёрланди. Таржима жараёнида профессор С. Дудюанйон Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг фарзанди Қутлуғхон ака Соғуний билан яқиндан ва фаол ҳамкорлик қилди. Таъкидлаш жоизки, профессор 2023 йили Тошкентга ташриф буюриб, Қутлуғхон ака билан биргаликда Алихонтўра Соғуний яшаб ўтган хонадон ва кўчаларни кўздан кечирган, шунингдек, аллома дафн этилган “Шайх Зайниддин” қабристонини зиёрат қилган эди. |
|
||
|
Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS) катта илмий ходими, тарихчи ҳамда ўзбек адабиёти ва тарихи бўйича етакчи тадқиқотчилардан бири бўлган профессор Стефан Дудюанйон Марказий Осиёдаги ислом тарихи, жамиятлар ҳаёти, тасаввуф йўналишлари ва минтақадаги тарихий шахслар меросини ўрганиш билан шуғулланиб келади. Олим “Туркистон қайғуси” асари европалик ўқувчилар учун янада тушунарли ва манбашунослик нуқтаи назаридан мукаммал бўлиши учун китобга 400 саҳифадан зиёд кенг қамровли шарҳлар илова қилди. Чуқур таҳлилларга бой ушбу шарҳлар америкалик, буюк британиялик ва япон туркологлари томонидан жуда юксак баҳоланди ҳамда махсус мукофотга тавсия этилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу китоб Ғарб дунёси учун Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон тарихини ўрганишда муҳим фундаментал манба бўлиб хизмат қилади. |
|||
Айни кунларда “Туркистон қайғуси” асари Париж китоб ярмаркасида намойиш этилмоқда ва европалик китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Алихонтўра Соғунийнинг ўғли Қутлуғхонтўра аканинг таъкидлашича, француз тилидаги ушбу нашр асарнинг Европа бўйлаб кенг тарқалишидаги илк муҳим қадамдир. Навбатдаги босқичда асарни инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа ҳам қисқа фурсатларда амалга оширилиши кутилмоқда.
Алихонтўра Соғуний меросининг француз тилида чоп этилиши ва халқаро эътирофга эришиши нафақат миллий тарихимизни тиклаш йўлидаги улкан ютуқ, балки ўзбек илм-фани ва маданиятининг жаҳон майдонидаги яна бир муваффақиятидир. "Туркистон қайғуси"нинг хорижий тиллардаги талқини дунё жамоатчилигига Марказий Осиё халқларининг ҳақиқий тарихи, озодлик ва маърифат йўлидаги фидокорона курашини холис етказишда бебаҳо кўприк вазифасини ўтайди.
Одил ОЛИМЖОНОВ, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати