Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда Фарҳан Низомий Ўзбекистон бой маънавий, маданий ва илмий меросга эга эканини, ўзбек заминининг буюк аллома ва мутафаккирлари ислом цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшганини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ихтисослашган муассасалари билан илмий-тадқиқот ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази фаолиятининг устувор йўналиши экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги ўзгаришлар, мамлакатимизнинг халқаро майдонда, шу жумладан ислом оламидаги нуфузини ошириш бўйича ислоҳотлар юксак баҳоланди.
Томонлар қўшма илмий семинарлар ташкил этиш, Ўзбекистон илмий марказларидан тадқиқотчиларни Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига амалиёт ўташ учун юбориш, нодир қўлёзмаларнинг факсимил нусхаларини олиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
Индонезия ва Малайзия каби Осиё мамлакатларида ўз самарасини исботлаган исломий молия воситаларини илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар якунида Оксфорд марказида «Ўзбекистон кунлари» тадбирини ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази 1985 йилда ислом ва мусулмон дунёси соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Марказда ўзбекистонлик тадқиқотчилар Имом Ал-Бухорий ва Имом Ат-Термизий номидаги махсус яратилган стипендия дастурлари доирасида мунтазам амалиёт ўташади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қашқадарё вилоятида масжид ва муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда янги маърифат масканларини барпо этиш бўйича хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ана шундай бунёдкорлик лойиҳаларидан бири сифатида Қарши шаҳридаги тарихий «Хонақоҳ» жоме масжидини янги биносини қуришга киришилди. Жорий йилнинг 3 август куни ушбу қурилиш ишларига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ҳамда маҳаллий нуронийлар иштирок этиб, янги бинонинг биринчи ғиштини қўйдилар.
Маросим якунида йиғилганлар юрт тинчлиги, эл фаровонлиги ва масжид қурилиши хайрли якунланишини тилаб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати