Муқаддас динимизда мусулмонлар аввалига Хабашистонга , кейинчалик Мухаммад алайҳиссалом бошчилигида Макка шаҳридан Мадина шаҳрига ҳижрат қилганлари маълум. Ва мана шу кейингиси динимиздаги улуғ ходиса сифатида қамарий йил хисобининг бошланиш санаси сифатида танланган. Агар биз мазкур хижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида хижрат содир бўлган.
Хижрат икки турга бўлинади. Биринчиси юртни тарк этиш ва иккинчиси гунохларни тарк этишдир.
Ибн Масъуд ривоят қилган хадисда айтилади: “....Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Макка фатхидан сўнг ҳижрат йўқ......” дедилар” (Имом Бухорий ривояти.)
Мазкур хадисни ўзидан олдин келган барча хижрат тўғрисидаги хадисларни бекор яъни насх қилувчи эканлигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш бекор қилинди. Яна бир хадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида хижрат қилган кишидир” деганлар” (Имом Бухорий ривояти.) Уламолар хадисни шарғлаб ундаги “хижрат” дан мурод “тарк қилишдир” деганлар. Мана шу турдаги ҳижрат бугун ҳам мавжудлиги хадисдан маълум бўлмоқда.
Бугунги кунда ақийдапарастлар ҳижратмасаласида Қуръонннинг “Нисо” сураси 97- оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи холда жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?”-дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, хижрат қилсангиз бўлмасмиди?” дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир у қандай ҳам ёмон жой!”.
Вахоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, Бадр жангида Маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар хақида нозил бўлганлигини таъкидлайдилар.
Шунингдек уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл хукмларга қайтилади. Яъни асл хукм бўйича мусулмонлар хеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳдан ривоят қилинган хадисда айтилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом хузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган холда ташлаб, хижрат қилиш учун сизнинг хузурингизга келдим,- деди. У зот алайҳиссалом эса “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин, -деб жавоб бердилар.”
Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган. Ислом динининг бешта аркони эмин-эркин бажариб келинмоқда. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин. Халқимизни бирдамликда хаёт кечиришини бардавом айласин.
К. Хамрақулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Норин тумани вакили
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати