Ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганига гувоҳ бўламиз. Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: «Таассуб, бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар», — деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган. Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган ҳалқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўлларидан бири ўзбек халқининг миллий ва ислом диний қадриятлари, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг ҳарактерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб ҳизмат қилиши мумкин.
Миллий – диний қадриятларимизни ҳар қандай сохта ёвуз ғоялардан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ислом дини ўз таълимотларидан Қуръони карим ва ҳадислардан маърифий жиҳатдан фойдаланиб, ҳар қандай шароитда ҳам террористик ҳаракатларни қоралаб, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишдан қатъий назар энг оғир гуноҳ ҳисоблайди. Қуръонни Каримнинг «Моида» сурасида 33-оятда бу фикрнинг исботи ўз аксини топган: «Бирор жонни ўлдирмаган, бузғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт баҳш этган одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».
Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти). Бугунги кунда ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар ва маърифатпарвар динлигини ёшларимиз англаб етгандагина турли ислом ниқобидаги экстремистик жаҳолат йўлига кирган ғоявий кучларга нафрат билан қарайди, шунингдек, биз имом-хатиблар ҳам ватандошларимизга ва ёшларимизга асл исломнинг моҳияти ва мазмунини асл ҳолатда англата олгандагина тўла мақсадимизга эришамиз.
М.Авезов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом
билим юрти мударриси
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати