Ибн Касир ўз тафсирларида тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида: «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзганлар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихларида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйганлари айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зот – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи авлодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтирадилар. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланилмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади, деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди. таърифлаб беряпти
Демак, бу ижобий таъсир Қуръон ва суннатнинг маҳсули, илмнинг маҳсули экан. Аммо яхшилик етти пуштга етганидек, ёмонликнинг зарари ҳам етти авлодгача бориши ҳам бор.
Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!
“КАМОЛХОН ЭШОН БУВА“ МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ
ЗИЁВИДДИНОВ АЗИМХОН
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати