Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Сохта салафийлар хилофи ва унга раддиялар

21.07.2022   9859   7 min.
Сохта салафийлар хилофи ва унга раддиялар

Бизнинг ҳанафийлик мазҳабимиз мўътадиллиги, миллий урф-одатларга бағри кенглиги, турли минтақалардаги шарт-шароитларга мос келиши ва бошқа омиллар туфайли кўплаб мусулмон мамлакатлари халқлари томомнидан қабул қилинган. Ҳозирда мусулмонларнинг тақрибан 47 % ҳанафий мазҳабига эргашадилар. Бугунги кунда мусулмонларнинг бирлигини кўролмаётган бир қанча оқимлар намоён бўлиб қолди. Баъзи бирлари ҳанафий мазҳабига қарши тарғибот олиб борса, яна баъзилари бутунлай мазҳабларга қарши фаолият олиб боришади. Буларнинг ҳар иккиси ҳам ислом динини парчаланишга олиб борувчи тоифалардир. Айримлар сўрашади: “Шиалик яхшироқми ё сохта салафийликми?”. Буларнинг бирортаси ҳам яхши эмас. Балки иккиси ҳам адашган, бир-биридан ёмон оқимлардир. Уларни адашган ака-укалар дейиш ҳам мумкин. Бунга бир нечта далиллар келтириш мумкин:

1. Шиалик йўналишида 3 талоқни умуман эътиборга олишмайди. Сохта салафийликда эса, 3 талоқни бир талоққа ҳисобланади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ҳам, қолган 3 мазҳабда ҳам, сароҳатан айтилган 3 талоқ 3 талоққа ўтади. Бунга ижмоъ қилинган.

2. Шиалик йўналишида умуман таровиҳ намози ўқилмайди. Сохта салафийликда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжудларига қиёсан 8 ракат ўқилади. Бизда эса, Умар розияллоҳу анҳу замонида саҳобалар ижмоси билан жорий қилинган 20 ракат таровиҳ намози ўқилади.

3. Шиалик йўналишида таҳоратда оёққа масҳ тортилса, сохта салафийликда юпқа пайпоққа масҳ тортилади. Тўрттала мазҳабда оёққа ҳам, юпқа пайпоққа ҳам масҳ тортилмайди. Пайпоққа масҳ тортиш ҳақидаги биттагина заиф ҳадисни эътиборга олган ҳолда барча фуқаҳолар айтишадики, агар пайпоқда маҳсига қўйилган шартлар топилса, масалан, ўзи тикка тура олса, урфий сафар – 1 фарсах (5554м)лик йўлда юришга яраса, ичига сув кирадиган юпқа ва тешик бўлмаса, унга масҳ тортиш жоиздир.

4. Шиалик йўналишининг зоҳирий белгиси шуки, улар Пайғамбаримиз саҳобаларини сўкишади, уларга нисбатан нолойиқ гаплар гапиришади. Сохта салафийлар саҳобаларни сўкмасаларда, уларнинг гапларини, ишларини қабул қилишмайди. Мисол учун, боя айтганимиз 3 талоқни 3 талоққа ҳисоблашмайди, ҳолбуки, бу Умар розияллоҳу анҳу даврида амалда жорий қилинган. Таровиҳни ҳам 20 ракатлигини қабул қилишмайди, бу ҳам Умар розияллоҳу анҳу даврида саҳобалар ижмоси эди. Усмон розияллоҳу анҳу даврида жорий қилинган жумъа намозидаги иккинчи азонни бидъат деб қабул қилишмайди. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу кичик фарзанди бўйнига оят ва дуолардан тумор таққанини қабул этишмайди. Бу икки оқимни бир-биридан ёмон демасдан яна нима дейиш мумкин. Булар худди икки фарзанддан бири отасини сўкса, иккинчиси унга итоатсизлик қилиб, айтганини қилмаётганга ўхшайди. Саҳобаларни бадном қилди нимаю, уларни халқ олдида эътиборсиз қилди нима?! Булар саҳобаларнинг номини айтса ё эшитса розияллоҳу анҳу ҳам дейишмайди. Худди бир ўртоғини тилга олингандек муомалада бўлишади. Абу Ҳурайра деб қўяди. Саҳобага нисбатан эҳтироми йўқми, Имом Абу Ҳанифага ва бошқа мужтаҳид уламоларга эҳтиром кўрсатишармиди. Мусулмонларга нисбатан жуда одобсиз муомалада бўлишади. Намоз ўқиётган кишини кофир дейишади. Нимага? Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш фарз. 3-4 ракатда ўқимаса, ё билмагани учун ўқимаган бўлса, у фарзни тарк этди, кофир бўлди дейишади, айрим чаласаводлари. 

Сохта салафийлар орқасида намоз ўқиса намоз қайтариб ўқиладими?

Бу саволнинг жавоби тафсилотни талаб қилади. Агар сохта салафий юпқа пайпоққа маҳс тортувчи ва шунга ўхшаш таҳоратни тўлиқ бажо этмайдиганларидан бўлса, муқтадий намозини қайтадан ўқиб олади.

Сохта салафийлар авлиёларни ва кароматни тан олишмайди. Ҳолбуки, уларнинг даъволарига қарши Қуръони каримда ва аҳодиси набавийда кўплаб далиллар ва мисоллар мавжуд. Закариё алайҳиссалом кафилликка олган Биби Марямнинг меҳробда, ибодатхоналарида пайдо бўлган нозу неъматлар Аллоҳ таоло томонидан Биби Марямга берилган каромат ва авлиёлик экани Каломуллоҳда собит бўлган. Осим розияллоҳу анҳуни ўлдирилгач, мукофот сифатида белгиланган катта миқдордаги пулни олиш мақсадида унинг бошини кесишга борган мушрикларни бир гуруҳ арилар талагани ва Осим розияллоҳу анҳунинг жасадларини ҳимоя қилгани, кейинчалик жасад юқолиб қолгани каби жонли мисоллар ҳадисларда сероб.

Жумъа кунларининг бирида бир имом домлага телефонга бир мусулмон томонидан смс хабар юборилган. Унда қуйидаги маънодаги гаплар ёзилган эди: “Эй фалончи! Аллоҳнинг сенга ва оилангга лаънати бўлсин. Чунки сизлар Мотуридий ақидасидасизлар. Сен минбардан туриб шеър айтасан...” Буни қаранг, жумъа кунида жумъа билан табриклаш ўрнига бир мусулмонни, имомини авлоду аждоди билан қўшиб лаънатламоқда. Сабабни қаранг, имом Мотуридийнинг ақидавий мазҳабида бўлганлиги учун. Агар бундай сохта салафийларга, ҳатто уларнинг катта-катта раҳнамоларига ҳам имом Мотуридийнинг китобини берсангиз, уни тўлиқ ўқиб, тушуна олишмайди. Унинг сўзини тушинишга илму ақллари ҳам етмайди. Масжидда минбардан туриб шеър айтмаслик даъвосига келадиган бўлсак, масжидда ҳеч бир имом манъ қилинган лағв, бемаъни ва масжидга, минбарга нолойиқ шеърлар айтмайди. Айтиладиган шеърлар оят, ҳадисларнинг шарҳи, эзгуликка чорлайдиган, ёвузлик, ножўя ишлардан қайтарадиган ҳикматли сўзлар бўлади. Қолаверса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоирлари бўлган. Масжиди набавийда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун минбар қўйилгани ҳақида “Жоми-ут Термизий”да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят собит бўлган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассон розияллоҳу анҳуга мушрикларга шеърлари билан жавоб қайтаришини буюрганлар ва унга Жаброил (алайҳиссалом)ни илҳом бериб туриши учун Аллоҳдан мадад сўраганлар. “Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Насоий” китобларида келганки, Маккага қазо умрасини қилишга борилганида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилаётганларида у зотнинг олдларида бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу, бошқа ривоятда Каъб ибн Молик шеър айтиб туриб боришарди. Умар розияллоҳу анҳу уларни маломат қилмоқчи бўлганларида, Росулуллоҳ уларнинг шеърлари мушрикларга найза санчишдан кўра оғриқлироқ эканини айтиб, уларни тинч қўйишини айтганлар.

Бугунги глобаллашув ва нохолис ахборотлар кенг тарқалиб бораётган замонда биз мусулмонлар зирак бўлишимиз, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата оладиган бўлишимиз лозим. 14 асрдан бери эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳабимизни маҳкам тутишимиз, уни яхшилаб ўрганиб, амал қилишимиз, ҳар хил гуруҳ ва тоифаларнинг тузоғига тушмаслигимиз учун диний билимларимизни ошириб боришимиз зарур.

   

Ҳошимжон Низомиддинов - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   3463   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари