Халқимизнинг аксарияти, барча алоқа воситалари, хоссатан интернет йўналиши бўйича тарқатилаётган бузғунчи ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан нозик ва пок хилқатдирлар. Чунки халқимизнинг ёшларида мазкур иллатларга қарши курашиш қуввати умуман йўқ ёки ўта оз бўлиши мумкин. Бунинг учун эса юқорида айтиб ўтилганидек ёшларнинг онгида мазкур иллатларга қарши курашиш иммунитетини ҳосил қилиш учун уларни омматан эмлаш керак. Воқеликда эса мана шу эмлашдан юз ўгирилиб, «ёшларнинг онги ҳали шаклланмаган, ўзлари оқ билан қорани ажратадиган бўлиб, ҳаёт йўлини танлаш ёшига етганида ўзи ажратиб олаверади, ҳозир эса уларни ҳар хил ғоялар ва мафкуралар билан чалғитмаслик керак» деб керакли фурсат қўлдан бой берилмоқда. Албатта, ҳозирги кунда бонг уриб халқимизни огоҳлантирилаётган ёт ғоялардан бири экстремистик ғояларни тарқатаётган турли-туман фирқаларнинг ғояларидир.
Бунга қарши курашишни эса бир қанча йўллари бор, улардан:
Биринчи ва энг муҳими, ҳозирги кунда эътибор берилмаётгани ёшларнинг онгида ўзларининг дини, эътиқодига бўлган маълумотларни тўғри, соф ва режали асосда жойлаштириш керак. Бунинг учун эса ёшларни шифокорлар томонидан омматан эмлаш йўлга қўйилганидек, диний мутахассислар томонидан ёшларни соф Ислом ақийда ва тушунчалари билан эмлаш керак. Бу маънавий эмлашни эса барча мажбурий таълим муассасаларида қўллаш энг самарали услубдир. Акс ҳолда кеч бўлади. Касаллик ривожланиб, катта жароҳатларни, балки қурбонларни келтириб чиқарадиган даражага борганидан кейин унга ҳар хил чора ва муолажаларни қўллашнинг фойдаси бўлмай қолади. Мазкур ҳақиқатни бир эмас, бир неча мамлакатларнинг аҳолисини ичида бўлаётган ҳодисалардан ҳам билиб олсак бўлади.
Иккинчи: ҳозирги кунда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ўз-ўзидан уни мутлақо ман этиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйишга имконият йўқ. Шунинг учун ҳам ёшларни онгида уларга ижобий таъсир қила оладиган услуб билан интернетдан фойдаланиш қонун-қоидалари ва биринчи ўринда динимиз белгилаб берган одоблар билан таништириш керак ва бу борада таништирувчиларни ўзлари ибрат бўла олар даражада бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Учинчи: Ёшларнинг онгида ҳар хил кўнгилочар ўйинлар ёки бўш вақтларни зерикмаслик учун ҳар хил бекорчи машғулотлар билан зое қилишни ўргатадиган ҳар қандай ташвиқот ва тарғибот услубларига қарши курашиш керак.
Тўртинчи: ёшларни мазкур иллатлардан огоҳлантириб, қайтариш билан биргаликда уларни кўнгилларини эгаллай оладиган, ҳар тарафлама фойдали ва самаралироқ бўлган ғоялар билан таъминлаш керак.
Бешинчи: Интернет сайтларида ёшларни зериктирмайдиган, балки улар учун янгилик ва кашфиёт сифатида қабул қилинадиган даражадаги ижобий, ахлоқий, диний маълумотларни кўплаб тарқатиш керак (бунда савоб нимаю гуноҳ нима ва бу иккаласига нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак ва уларни амалга ошираётганларга Аллоҳ таоло тарафидан қандай муомала қилинади). Ёшларнинг қалбида эса ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак.
Олтинчи: Ёшлар нима учун ёт ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан кўплаб фойдаланадию, керакли ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан деярли умуман фойдаланмайди. Буни ҳам таҳлил қилиб, ўз ўрнида муолажа қилиш керак. Бунинг асосий сабабларидан бири эса, ёт ғояларни тарқатаётган сайтлар бир неча ўн минглаб бўлса, миллий қадриятлар, диний ва ахлоқий маълумотларни тўғри ҳолда тарқатаётган сайтлар бармоқ билан санарли даражада озлигидир. Қолаверса, ёт ғояларни тарқатаётганлар учун ҳеч қандай чеклов ва ҳар хил тўсиқлар умуман йўқ. Лекин уларга қарши иммунитетни ҳосил қиладиган маълумотларни тарқатадиганлар учун эса албатта ҳар хил чеклов ва тўсиқлар бор. Баъзида мана шу чеклов ва тўсиқлар тақдим қилинаётган маълумотларни сохталаштириб, унинг ижобий таъсирчанлигини йўқотади. Натижада у маълумотни ўрганаётганлар бир икки марта кириб ўқиганларидан кейин ўзларида зерикишни ҳис қилади, натижада “қармоқ” сифатида тақдим қилинган ёт ғояларнинг ўлжасига айланади. Сўзимиз исботи учун баъзи бир маълумотларни тақдим этамиз. Масалан: жамиятимиз равнақи ва ёшларимизнинг тарбияси учун ҳеч қандай манфаати бўлмайдиган сайтлар борки бир кунда бир неча минглаб ёшлар айнан шу сайтларга киради ва ўзларига қандайдир бефойда маълумотларни олади. Биз бу ўринда хориждан туриб ёт ғояларни ва ҳар хил кўнгилочар ўйинлар, бузғунчилик ва фаҳшни тарғиб қиладиган сайтларни келтирмадик. Чунки уларнинг сон-саноғи йўқдир. Ва шундай расмий сайтлар ҳам борки (баъзиларнинг шахсиятига тегиб кетмаслиги учун уларнинг номларини зикр қилмаймиз) уларга бармоқ билан санарли даражада одамлар киради, ҳаттоки ўша соҳанинг мутахассислари мажбур бўлганлигидан фойдаланадиган сайтлар ҳам бор. Ёки миллийлик, маънавият ва баъзи бир диний маълумотларни тарқатадиган сайтлар ҳам борки, улардан фойдаланаётганлар ҳам ўта озчиликни ташкил этади. Бунинг сабаби эса ҳаммага маълум.
Еттинчи: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш учун сафарбар қилинган мутахассислар холис, ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар ва шу билан бирга ўзи тарғиб қилаётган миллийлик ва маънавият талабларига ҳақиқатан амал қилиб, жонли ўрнак бўла оладиган бўлиши керак.
Саккизинчи: Бу борада ҳар тарафлама халқнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган, уларнинг ишончини қозонган, доимо ўзининг шахсий манфаатларидан кўра юрт ва халқининг манфаатларини юқори кўра оладиган даражадаги намунали мутахассислар иш олиб боришлари керак. Буни белгилаш учун эса ҳар хил илмий унвонларининг кўплиги эмас, балки унинг етказаётган маълумотларига кўпчиликнинг қулоқ солиб, унга амал қилаётганига назар солиш керак.
Ҳошимжон Низомиддинов,
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ