Одамзод ўзига ато этилган ақл ва илмни ишга солиб, жаҳонда рўй бераётган илмий кашфиёт ва изланишлардан бохабар бўлиб турмаса ва ўз ҳаётига тадбиқ этишни кечиктирса, тараққиётда қолоқликка мубтало бўлади. Ҳозирги замонимизда техника тараққиёти марказида қайси мамлакатлар турибди, нима учун улар шу даражада илгарилаб кетди, деган саволга жавоб қидириб кўрайлик. Оддийгина қилиб айтадиган бўлсак, улар илмсизлик, кўр-кўрона ҳаёт кечиришдан кўра, машаққатли ва оғир бўлса-да, илмий кашфиёт ва изланишлар йўлини танлади. Бу йўлда қандай йўқотишлар, умидсизликларга дуч келмасин, барибир муайян мақсад сари олға интилаверди. Ниҳоят, уларга илм ёруғ йўл кўрсатди.
Бугунги кунда жоҳиллик ва илмсизликка чўмган халқлар энг охирги русумда яратилган жиҳоз ва мато ишлаб чиқарадиган давлатларга қарам бўлиб қолаëтгани сир эмас. Чунки бундай халқлар устига бостириб бориш шарт бўлмай қолди. Бир парча темирни олгин-да, компьютер ёки шунга ўхшаш нарса шаклига айлантиру тилло баҳосида сот, ўзи келиб жон-жон дея олиб кетади, деган шиор бугунги куннинг “тараққиёт шиори” десак нотўғри бўлмаса керак. Бир аср олдин илмий техника ютуқларидан етарли даражада фойдаланилмаган юртимизда ҳаммаси ўз ўрнига қайта бошлади.
Эндиги авлод ҳам илм йўлида шунга яраша ҳаракат қилиб, фидойилик кўрсатса, жаҳолат ва илмсизликдан тезроқ қутуламиз ва илғор халқлар сафига қўшиламиз, иншааллоҳ.
"Ҳижрий-қамарий тақвим"дан.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати