Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа: “Аллоҳ осмонда!” деганмилар?!

18.07.2022   1552   7 min.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа: “Аллоҳ осмонда!” деганмилар?!

Яна бошқа қўшимча гаплар

Салафийлар “Аллоҳ осмонда!”, деяр эканлар, ўзларининг гапларини қувватлаш мақсадида бу гапни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам айтган, деган маънода “ал-Фиқҳ ал-абсат” ҳамда “ал-Асмо ва-с-Сифот” китобларидан шубҳали иқтибосларни келтираверадилар. Биз юқорида мазкур иқтибосларнинг асли йўқ ва ёлғон эканини кўриб чиқдик. Бор бўлган тақдирда ҳам, уларнинг маъноси салафийлар айтаётгандек эмас, балки бу уларнинг ўзларига қарши фикрлар эканини ҳам аҳли суннат ва жамоат уламоларининг изоҳлари орқали айтиб ўтдик. Худди шундай, салафийларнинг “Бошқа мазҳаббошилар ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини айтган”, деган гаплари ҳам шубҳалидир. Зотан, салафийларнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапи деб асли йўқ ва шубҳали иқтибосларни кўтариб юришидан бизда уларнинг салафи солиҳин имомларимизнинг барчасидан келтираётган иқтибослари борасида шубҳа қўзғатаверади ва бу борада бирорта ғуборсиз саҳиҳ ривоятлар етиб келмаган деган ишончни пайдо қилаверади. Улар келтираётган китоб ва манбаларнинг муаллифларига нисбати шубҳалидир ҳамда ривоят ва ҳикоятларнинг асли йўқдир, ровийлари шубҳалидир, манбашунослик ва ҳадисшунослик нуқтаи назаридан заиф ва мавзуъ (тўқима, сохта)дир! Салафийлар ўзларининг гапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бу маълумотларни (фактларни) оммадан яшириб келадилар, айтмайдилар, айтишдан қочадилар. Ана энди, анави салафийлар ўзларининг келтираётган ривоятларининг “саҳиҳ”лигини исботлашга тушиб кетса, ажаб эмас. Лекин, биз бу борада гапни кўпайтирмаслик мақсадида бошқа бир муҳим масалага ўта қоламиз. Чунки, салафийлар ўзларининг ботил эътиқодларини оқлаш мақсадида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ борасида ишончсиз ва шубҳали ривоятларни бемалол келтириб юрибдиларми, демак, бошқа салафи солиҳин имомларимиз борасида ҳам шундай йўл тутишларининг эҳтимоли катта, дейишимиз мумкин.

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур “ал-Асмо ва-с-Сифот” асарининг ана шу жойида, яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг салафийлар иддио қилаётган гапи келган жойида, юқорида айтганимиздек, “агар бу ҳикоят саҳиҳ бўлган тақдирда”, деб туриб, у зотнинг ана шу гапларини таъвил қилишга мажбур бўлганлар. Яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазкур гапни айтишларидан мақсад Аллоҳ таолонинг ерда бўлишини – бирор маконда бўлишини инкор қилиш эди. Шунинг учун у зот оятнинг зоҳирини айтган бўлишлари мумкин. У оят эса Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтишича, “Ё сизлар “осмондаги” зот (Аллоҳ)дан хотиржаммисиз?!”, деган “Мулк” сурасининг 16-17 оятларининг зоҳири бўлиши мумкин. Чунки, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ фикрича, биз Аллоҳ таоло зоти тўғрисида ҳеч нарса гапирмаймиз. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ана шу жойнинг ўзида ўз фикрини қувватлаш мақсадида машҳур олим Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги гапларини нақл қилганлар:

ما وصف الله به نفسه فتفسيره قراءته ليس لأحد أن يفسره الا الله تبارك و تعالى او رسله صلوات الله عليهم

“Аллоҳ ўзини васф қилган сифатларнинг тафсири уни қироат қилишдир. Ҳеч бир кимсага уни тафсир қилиш жоиз эмас! Фақатгина Аллоҳ таборака ва таолонинг ва унинг пайғамбарларининг айтганларини такрорлашгина жоиз” (2/866).

Яъни, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг бу ердаги мақсадлари ўтган уламоларимиз муташобеҳ сифатлар борасида айнан биз айтаётган “тафвиз” йўлини тутганларини англатиш эди. Яъни, Аллоҳнинг бу хилдаги сифатлари тафсир қилинмайди, маъноси айтилмайди, шарҳланмайди, қандайлиги таърифланмайди. “Тафвиз” бу муташобеҳ сифатларнинг маъносини айтмасдан, уларнинг маъносига ва кайфиятига – қандайлигига киришмасдан, уларнинг ҳукмини Аллоҳ таолога ҳавола қилишдир. Шунинг учун ҳам, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: “Ҳеч бир кимсага уни тафсир қилиш жоиз эмас!”, деганлар. Мана шу аксари салафи солиҳин уламоларимизнинг қўллаган услубларидир. Бироқ, анави сохтадан сохта салафийлар эса буни тушунмай, бир неча эҳтимолли ва бир қанча луғавий маънога эга бўлган сифатларда ўзларининг нафси ҳавоси хоҳлаган бир маъносини маҳкам ушлаб олиб, ана шуни салафи солиҳинлар ушлаган маъно деб туҳмат қилмоқдалар. Худди шундай, улар бизнинг буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан ҳам ёлғон тўқимоқдалар. Аслида, ана шундай туҳматчи ва ёлғончилар кўпайиб кетмасин, деб мутааххирин – кейинги давр уламолари “таъвил” услубини маъқул кўришган эди…

ХУЛОСА

Салафийлар “Аллоҳ осмонда!” дер эканлар, мотуридийларга эътироз билдириб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинувчи “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли китобларидан ҳамда муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” номли асарларидан иқтибослар олиб, “Анаа, Абу Ҳанифа ҳам биз айтган гапни айтган!”, деган маънода қичқираверадилар. Салафийлар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига бу иқтибосларни келтириб қўявермасдан, ҳақиқий ҳанафийларга, ҳаққоний мотуридийларга таъна қилаверадилар, булар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деган туҳматни айтаверадилар. Ҳолбуки, таъкидлаб айтаман: минг йиллардан бери ҳанафий олимларининг олдингилари ҳам, кейингилари ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма-бир, батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб чиққанлар. Кейинги давр уламоларини, минг йиллик мотуридий-ҳанафийларни ўтган салафларига, ўзларидан олдин ўтган уламоларга эргашмайди, дейиш ҳақиқатдан ҳам уларга нисбатан бўҳтон ва жуда катта туҳмат ҳисобланади! Зотан, аниқки, улар ўз салафи солиҳинлари, ўзларидан олдин ўтган уламолари, мазҳаббошилари, мужтаҳидларининг гапларини, фикрларини ва фатволарини анави салафийлардан кўра минг чандон яхши билишарди, тўғри тушунишарди.

Мазкур мақолада биз салафийлар келтираётган иқтибосларнинг асли йўқ эканини, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳеч қаерда, ҳеч қачон “Аллоҳ осмонда!” демаганлигини далиллар билан кўриб чиқдик. Салафийлар бу борада айрим яққол кўриниб турган маълумотларни (фактларни) оммадан яшириб келишларини кўрсатиб бердик. Улар бизнинг буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан шу ишни қилган эканлар, бошқа мужтаҳид имомларга нисбатан ҳам шу йўлни танлаган бўлсалар ажаб эмас. (Бу ҳақида ҳам алоҳида мақола ёзилмоқда).

Анави салафийлар томонидан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинаётган “ал-Фиқҳ ал-абсат” ҳамда “ал-Асмо ва-с-Сифот” китобларидаги гапларнинг асли йўқ, ишончли эмас, заиф, мавзуъ – тўқима ва сохтадир. Уни далил қилиш тўғри эмас! Агар мазкур иқтибосларнинг асли бор деган тақдиримизда ҳам, у салафийлар айтаётган маънода эмас, балки уни ҳақиқий ҳанафий олимлари тушунгандек тушунмоқ даркор бўлади. Бу тушунча эса анави салафийлар айтаётган гапнинг ўзига раддия бўлади.

Анави салафийлар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига далил сифатида оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносини олиб, “мушаббиҳа”лик йўлини тутишлари сир эмас. Биз юқорида Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳнинг бу борада қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақидаги гапларини келтириб ўтдик. Бироқ, замонавий салафийлар унинг гапларига кўнмасдан муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини ушлаб, уларни ўзлари истаган, ўз тушунчаларидаги маънода деб туриб, ўзгаларни айблайверадилар. (Салафийлар далил қилиб ушлайдиган мазкур оят ва ҳадислар борасида алоҳида мақолалар тайёрламоқдамиз).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мотуридийларни ёмонлашдан чарчамаётган; инсоф доирасидан, улуғларни ҳурмат қилиш чегарасидан тамоман чиқиб кетган сохтадан сохта салафийларга инсофу тавфиқ берсин! Аллоҳ ҳаммамизни ҳақ йўллардан адаштирмасин!


Мақола муаллифи: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Илмий маслаҳатчи: Исмоилжон домла Хўқандий.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

18.08.2026   5078   4 min.
Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.

Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.

Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.

Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.

Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.

Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.

– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.

– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.

Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.

– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.

Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари