Шунингдек машҳур олимлардан Хусайн Воиз Кошифий «Ахлоқи муҳсиний» асарида фарзандлар тарбиясида муҳим бўлган исломий қадриятларга тўхталиб: "Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна - бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиши мумкин.” Шундай маслаҳатлардан сўнг ҳаммада бир савол туғулади «Биз интернет ва ижтимоий тармоқ турларидан фойдаланмаслигимиз керакми? Жавоб ўлароқ айтамизки йўқ фойдаланинг илло бугунги кунда улардан фойдаланмасликни иложи ҳам йўқ, фақат бир нарсани унутманг вертуал оламга сиз эмас вертуал олам сизга ҳизмат қилсин.»
Ҳиндистоннинг сиёсий арбоби Махатма Ганди ўз даврида шундай ёзган эди: «Мен уйимнинг эшик ва деразаларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлайдиган даражада очиб ҳам қўя олмайман». Бу сўзларни бугунги ахборот асрида турли маълумотларнинг кириб келиши, у ёки бу минтақада тўғри эътиқодга салбий ёки ижобий таъсир этиши маъносида қўллаш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ёшларда интернетнинг яхши томонларидан унумли фойдаланиш, ёмон таъсирларидан ўзларини ҳимоя қила олиш имунитетини шакллантириш зарур. Шу ўринда Фитратнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади «Тарбия уч қисмдан иборат: бадан тарбияси, ақлий тарбия, ахлок тарбияси.»
Виртуал оламдаги ахборот хуружидан ҳимояланиш учун мустақил фикрга эга бўлишимиз лозим. Биз ёт ғоялардан ўзимизни ҳимоя қилишига эътибор беришимиз керак, яъни ҳар бир инсон учун мустақил фикр зарур. Мустақил фикрга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиб, уларга қарши куч топа олади.
Биз замон билан ҳам нафас бўлишга чақирган ҳолда, вертуал оламнинг энг тўғри йўллари ва керакли малумотларидан тўлақонли фойдаланиш ва уларни унумли сарфлаш тарафдоримиз илло вақт оз илм эса жуда кўп.
Акрамов Козимхон
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати