بسم الله الرحمن الرحيم
СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.
Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Силаи раҳм динимиз моҳиятини кўрсатиб берувчи буюк бир ибодатдир. У Қуръони карим оятларида Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш баробарида зикр этилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى
яъни: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга яхшилик қилинг” (Нисо сураси 36-оят).
Ушбу амал мўмин-мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли амаллардан бири бўлгани учун Қуръони карим оятларида қайта-қайта такрорланади. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло силаи раҳмни ўзи буюрганини таъкидлайди. Ваҳоланки, динимиздаги барча амалларни Аллоҳ таоло буюрган. Барча буйруқларни берган зот айнан силаи раҳмга буюрганини таъкидлагани ушбу ибодат нақадар муҳим амал эканини билдиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деди:
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам силаи раҳмни намоз ва зикр ибодатига тенглаштирганлар: “Бир аъробий Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга ибодат қиласиз. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсиз. Намозни адо қиласиз. Закотни берасиз. Силаи раҳм қиласиз”, –дедилар”.
Силаи раҳм инсонийликнинг юксак кўриниши ҳисобланади. У кишининг аслиятини очиб берувчи гўзал бир хислатдир. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида бўлганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ўқинг!” деб “Алақ” сураси нозил бўлган машҳур воқеадан ҳам англашимиз мумкин. Ушбу воқеадан кейин Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари титраб-қақшаб, уйларига қайтдилар. Хадича онамизнинг олдиларига кирганларида: “Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!” дедилар. У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадича онамизга хабарни айта туриб: “Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим”, – деганларида Хадича онамиз: “Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Мусибатга учраганларга ёрдам берасиз”, дедилар. Ушбу ҳадисда силаи раҳм Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг буюк ахлоқлари қаторида зикр этилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳадисдан мазкур ахлоқлар, жумладан силаи раҳм билан сифатланган инсонларни ҳеч қачон Аллоҳ таоло шарманда қилмаслигини ҳам билиб олишимиз мумкин. Зеро, бу сўзларни инсоният тарихида энг буюк аёллар сафида зикр этиладиган, энг биринчи бўлиб Ислом неъмати билан шарафланган ва ўта кучли фаросат соҳибаси бўлган онамиз Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо айтмоқдалар ва бу сўзлар Исломнинг энг ишончли манбаларида бугунги кунгача нақл этилиб келинмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк кунлариданоқ силаи раҳмга чақиришни бошлаганлари ҳам ушбу иш нақадар аҳамиятга эга амал эканини билдиради.
Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан: “Сизни нега “Исломда илк мусулмонлардан” дейишади? – деб сўрадим. У зот бундай деб жавоб бердилар: “Мен одамлар залолатда эканини кўрардим ва бутлар ҳеч нарса эмаслигини билардим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Туямга миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни қавми ўраб турибди. Ёнларига бордим ва: “Сиз кимсиз?” – дедим. “Пайғамбарман”, – дедилар. “Пайғамбар нима дегани?” “Аллоҳнинг элчиси”, – дегани. “Сизни Аллоҳ юбордими?” “Ҳа”. “Нима учун юборди?” “Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш учун юборди”.
Ушбу ҳадисда силаи раҳм пайғамбарликнинг асосий вазифаси сифатида ҳамда Ислом динининг асосий ғоялари билан бир ўринда келтирилмоқда.
Силаи раҳм ўзига хос бўлган жуда кўп ажрларга эга қилувчи ибодат ҳисобланади. Амр ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ: “Билингларки, фарзга босилган қадамдан кейин қариндош томон босилган қадамдан кўра каттароқ ажр келтирувчи амал йўқдир”, – деганлар.
Силаи раҳмнинг ўзига хослиги шундаки, унинг мукофоти дунёда ҳам ўта тез берилади ва охират учун ҳам катта захира бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда:
الطاعاتِ ثوابًا صلةُ الرَّحِمِ إنَّ أعجلَ
яъни: “Ибодатлар ичида энг савоби тез келадигани силаи раҳмдир”, –деганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:
من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ
(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ)
яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
Динимиз кўрсатмаларида яхшилик қилишни аввало яқин қариндошлардан бошлаш лозим эканлиги таъкидланади. Зеро бу ҳолатда қилинган яхшилик икки баробар ажр олишга сабаб бўлади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
الصَدَقَةُ عَلَى الْمِسْكِيْنِ صَدَقَةٌ، وَعَلَى ذِي الرَّحْمِ ثِنْتَانِ، صَدَقَةٌ وَصِلَةٌ
яъни: “Мискинга қилинган бир садақадир. Қариндошга қилинган садақа икки яхшиликдир: садақа ва силаи раҳмдир” деганлар.
Ривоятларда келадики, бир кишининг амакисининг ўғли оғир касаллик билан вафот этганда унинг болаларидан: “Отангизнинг бирортасидан қарзи бормиди?” деб сўрайди. Улар оталарининг қарзи бор эканини айтадилар. У киши: “Қарзлар менинг зиммамга, ўзим тўлаб бераман”, – дейди. У қарз нари борса ўн минг ёки йигирма минг танга бўлса керак, деб ўйлаган эди. Бироқ болалардан қарзнинг 385 минг эканини эшитади. Унинг ўзи бу хусусда шундай деган: “Қарзларнинг барчасини битта-битта қилиб тўладим. Аллоҳга қасамки, бир неча йиллардан бери касод бўлиб турган молларим бор эди. Бир неча кунда сотилиб кетди. Ҳисоблаб қарасам ушбу савдолардан топган фойдам тўлаган қарзларим теппа-тенг чиқди”.
Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.
Силаи раҳмни жорий қилиш қанчалик улуғ бўлиши баробарида уни узиш гуноҳи кабиралардандир. Зеро ояти карима ва ҳадисларда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:
فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ
яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси 22-23-оятлар).
Ушбу оят шарҳида Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Силаи раҳмни узган кишилар билан дўст бўлмагин, чунки Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримнинг икки оятида лаънатлаган” (Бу ерда мазкур оят билан Раъд сураси 25-ояти назарда тутилган).
Аллоҳ таолонинг изни билан раҳм (қариндошлик) ўзини боғлаганларни ҳақига яхши дуо, ўзини узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:
الرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ
(أخرجه البخاري عن عائشة رضي الله عنها)
яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).
Силаи раҳмни узганлар жаннатга кирмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعٌ" قَالَ سُفْيَانُ فِي رِوَايَتِهِ: "يَعْنِي قَاطِعَ رَحِمٍ
(متفق عليه)
яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, – дейдилар (Муттафақун алайҳ).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир.
Баъзи одамлар ўзаро борди-келди қилиб турган қариндошларгагина яхшилик қилишни силаи раҳм деб ҳисоблайдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу тушунчани хато эканини айтадилар ва силаи раҳмнинг ҳақиқий моҳиятини баён қилиб берганлар:
لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا
(رواه الامام البخاري)
яъни: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилишни ўз ичига олади.
Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир. Бу ишларга мол-дунёнинг сабабчи бўлаётгани янада аянчлидир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам молу-мулк ҳақида бундай деганлар:
تَقيءُ الأرضُ أفلاذَ كبدِها أمثالَ الأُسطوانِ منَ الذَّهبِ والفضَّةِ قالَ: فيجيءُ السَّارقُ فيقولُ: في مثلِ هذا قُطِعَت يدي ويجيءُ القاتلُ فيقولُ: في هذا قَتلتُ: ويجيءُ القاطعُ فيقولُ: في هذا قَطعتُ رحِمي ثمَّ يدَعونَهُ فلا يأخُذونَ مِنهُ شيئًا
(الترمذي)
яъни: “Ер ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини устунлардек уюм-уюм қайт этиб чиқариб ташлайди. Шунда қотил келади ва: “Мен шулар сабабли одам ўлдиргандим”, – дейди. Силаи раҳмни узган келади ва: “Мен шулар сабабли силаи раҳмни узгандим” – дейди. Ўғри келади ва: “Мен шулар сабабли ўғрилик қилгандим”, – дейди. Кейин улар бу нарсаларни ташлаб кетадилар ва ундан ҳеч нарса ололмайдилар” (Имом Термизий ривояти).
Демак, барчадан қоладиган мол-дунёни деб Аллоҳ таолога осий бўлиш, у буюрган амрларни тарк этиш, хусусан силаи раҳмдек дунё ва охиратимиз учун ўта фойдали ишга бепарво бўлиш мўмин-мусулмонга ярашмайдиган иш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимизни қабул қилсин. Барчаларимизни силаи раҳм деган буюк ибодатга амал қиладиган ва унинг фазилатларига эришадиган бандалардан айласин!
Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг асосий йўли — китоб мутолаасидир. Инсон камолоти манбаи ҳам китобдир. Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг дунёқарашини кенгайтириб, нутқини ўстирувчи, хотираси ва фикрлаш қобилиятини мустаҳкамловчи маънавий сарчашмадир. Ана шундай бебаҳо асарлардан бири — Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан тасниф этилган “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” номли китобдир.
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги томонидан мазкур асарнинг тақдимоти ўтказилиб, тадбир кўтаринки руҳда ўтди.
Тадбирни Сирдарё вилояти бош имом-хатиби, устоз Ҳабибуллоҳ домла Зокиров очиб бериб, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” китоблари бугунги кун ва келажак учун ўта долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. У киши асарнинг халқимиз, имомлар, ноиблар ва отинойилар учун манфаатли бўлишини Яратгандан сўрадилар.
Китоб муқаддимасида ҳар бир ўқувчи Устоз Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг марҳум ота-оналари ҳақларига дуо қилиш илтимоси келтирилгани ҳам айни муддаодир. Чунки ота-она хизматини инкор этиб бўлмайди — олим фарзанднинг ҳар бир ютуғида уларнинг меҳри ва дуоси турган бўлади.
Шунингдек, ҳазратнинг “Ёшларга насиҳатим” китоблари ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётгани ҳам муборак хабар сифатида қайд этилди. У киши томонидан ёзилган “Исломда Ватан тушунчаси”, “Фитна – кўз илғамас хатар”, “Ҳаж — буюк ибодат”, “Умра — улуғ амал” каби асарлар ҳам ҳар биримиз учун муҳим қўлланма экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида вакиллик ўринбосари Султон Жангиров, Абдурауф домла Ёрбеков, Оқолтин тумани бош имом-хатиби Мансуржон Исмаилов, Боёвут тумани бош имом-хатиби Файзуллоҳ домла Эшбеков китоб ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, Ховос ва Мирзаобод туманлари бош имом-хатиблари ҳам асарнинг аҳамияти, имомлар, ноиблар ва барча диний соҳа ходимлари учун муҳим манба эканини қайд этиб ўтдилар.
Гулистон шаҳар бош отинойиси Мавлуда Йўлдошева ҳам асарнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.
Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди ва тақдимот кўтаринки руҳда ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати