Ҳадис илми тарихи ва бу илмнинг тадрижий босқичларини ўрганиш, суннат ва ҳадисга нисбатан нохолислик билан билдирилган фикрларга қарши муносиб, илмий жавоб бериш ҳар бир даврнинг зарурий талабларидан саналган. Зеро, бу ҳадис илми Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг муборак сўзлари, шариатнинг мадори, Қуръони каримнинг тафсири, амаллар таърифи бўлган Қуръони каримдан кейинги иккинчи асл манбадир. Ислом шариатига мувофиқ иш тутган салаф, халаф олимлар барча мўмин-муслимлар бу манбанинг ҳақлиги ва саҳиҳлигига иттифоқ бўлишган. Суннат ва ҳадиснинг мақоми мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим бўлиб, Қуръони каримни тушуниш, унинг маънолари мазмунини ва дақиқ масалалар ҳукмини ҳадисларсиз англаш мушкул бўлади.
Ҳадисларга нисбатан танқидий фикрлар билдирилиши секин-асталик билан мусулмонлар онгига сингдирилишига бўлган ҳаракатлар бу мавзуни янада кенгроқ ўрганишга сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу танқидлар “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари атрофида бўлаётганлиги, мусулмон кишини янада ҳушёр бўлишига ундаши керак. “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ва ундаги ҳадисларга нисбатан мусулмон умматида шак пайдо қила олишса, бошқа ҳадислар бўйича тасниф этилган китобларда шак уйғотиш янада осонроқ кечади. Бу “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари саҳиҳлиги жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги манба сифатида эътироф этилган. Шунинг учун бу таъна ва танқидлар бутун ҳадис илмига, суннати Набий (с.а.в.) нисбатан қаратилганлиги маълум. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар (с.а.в.) келтирган нарсани олиш ва қайтарган нарсалардан қайтишга буюрган.
Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир.[1]
Шундай экан қандай қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзи, амали, чиройли хулқларини ўзида жамлаган минг йиллардан буён ҳадислари энг саҳиҳ деб эътироф этилган асар “Саҳиҳ ал-Бухорий”га шубҳа ва таъна билан қарашлар вужудга келмоқда.
Мазкур мавзу доирасида ҳадисларга нисбатан танқидий, таъна ва шубҳага асос бўлаётган сабабларни келтириб ўтамиз. Мусулмонлар фикрида суннат ва ҳадисга нисбатан шубҳа уйғотиш, бу орқали муқаддас динидан узоқлаштириш, ислом шариатини иккинчи манбасига шак пайдо қилишдан бошқа нарса эмас. Замонамиз олимларидан Мустофо Зуҳайли бу тўғрисида шундай деб таъкидлаган: “Ким шариатни ҳадиссиз ўрганишни даъво қилса у шариатни нуқсонга бурибди. Агар у шариатни Қуръонсиз ўрганишни даъво қиладиган бўлса шариатни томирини кесибди”[2].
Бу каби тоифалар тарихи ва келиб чиқишига назар ташласак, барчасини мақсади бир бўлиб, асл манбадан узоқлашиш, ёки уни тан олмаслик, ўзларини ғоя ва мафкурасига, ақлий тафаккурига тўғри келмаган шариат манбаларига амал қилмасликка бўлган тарғиботларни кўришимиз мумкин. Ҳадисларга танқидий ёндашувлар тарихда ва ҳозирги даврда ҳам баъзи мусулмон олимлари ҳамда ғарб олимлари томонидан амалга оширилган. Мусулмон олимларини, хусусан ҳадис илми мутахассисларини мақсади суннат ва ҳадисни тўқима, ёлғон, исноди заиф ҳадислардан ҳимоя қилиш бўлса, баъзи тоифалар ва ғарблик олимларнинг мақсадлари суннат ҳамда ҳадисни манба сифатида рад этганлигини ҳам кўришимиз мумкин. Қуйида ҳадис-суннатга танқидий, шубҳа ва таъна қилиш билан эътибор қаратган тоифа ва оқимларнинг тарихий ва замонавий тоифаларининг фикри билан танишамиз:
Биринчи тоифа улар хаворижлар[3] бўлиб, ўзларининг ботил эътиқодларида туриш учун суннати набавийни тарк этган, саҳобийларни лаънатлаб, уларга эргашмаган ислом тарихидаги илк тоифа бўлади. Саҳобиларга эргашишлик ҳам суннат эканлигини улар инкор этишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Менинг саҳобийларим худди юлдуз каби уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳидоят топасиз”[4], деган сўзларига амал қилмаганлар ҳам ушбу хорижийлардир. Муовия ибн Суфён ва Али ибн Толиб ўртасидаги таҳким[5] воқеасига рози бўлган ва бу икки саҳобага эргашган барча саҳобийларни ҳам динсизликда ва фисқда айблаганлар ҳам айни хорижийлар бўлади.
Шундан сўнг хорижийлар жумҳур саҳобийлар томонидан ривоят қилинган ҳадисларни рад қилдилар, натижада улар ўзларининг мафкурасига мос ҳадисларни олиб, қолганларини инкор этишди. Бу биринчи Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадис ва суннатларидан юз ўгирган тоифа сифатида пайда бўлди.
Иккинчи тоифа муътазилийлар[6] бўлиб, аҳли сунна эътиқоди йўналишига кўп ихтилоф қилган тоифа саналади. Булар саҳобийлардан кўпларини инкор этиб, улар томонидан айтилган ҳадисларни ҳам рад этган ва ўзларининг ақлий қарашларига ҳамда эътиқодига хилоф келган ҳадисларни инкор этишган. Бу ҳадислардан, шафоат, қабр азоби, қадар, Аллоҳнинг қиёматда кўриш ва Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида келган ҳадислар муътазилийлар томонидан рад этилган.Сабаби уларнинг эътиқодий қарашларида айнан бу масалалар инкор этилади ва бунинг асоси бўлган ҳадислар ҳам рад этилади.
Учунчи тоифа ҳадис ва суннатни рад этувчилардан рофизийлар[7] бўлади. Булар ҳам бу борада энг ҳаддан ошган тоифа бўлиб, Пайғамбар (с.а.в.)нинг асҳобларини ҳақоратлаш, уларнинг ҳаққига номақбул сўзларни айтиш, уларни адолатсизликда ҳатто улардан баъзиларини динсизликда айблашлари уларнинг суннатда кўрсатилган ҳукмларга амал қилмасликларидир. Улар ўзлари қайси саҳобийни айблашган бўлса улар томонидан ривоят қилинган ҳадисларни ҳам рад этишган. Ҳатто, улардан Кулайни Абу Жаъфарга исноди билан қуйидагини ривоят қилган: “Пайғамбар (с.а.в.) вафотидан сўнг Миқдом, Салмон ва Абу Заррдан бошқа барча инсонлар муртад бўлди”, деди[8]. Бу ривоят ҳам тамоман саҳобийларни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас.
Тўртинчи тоифа зиндиқийлар[9] бўлиб, уларҳам ўз қарашларини ҳимоя қилиш мақсадида ислом дини манбаларини рад этиб келган тоифалардан ҳисобланади. Уларнинг асосий мақсади исломни заифлаштириш, ҳадис ва суннатни ҳайбатини кетгизиш ва ислом динида мусулмонларни чалғитишдан иборат бўлган[10].
Бу тоифалар илк ислом тарихида пайдо бўлиб, ўзларининг ботил ғоя ва ақидалари билан танилган эътиқодий ва амалий масалалрда адашган ботил оқимлардир. Бу каби тоифа ва оқимларни бугунги кунимизда ҳам пайдо бўлганлиги ўзларининг ботил ғоялари, аниқ мақсадга қаратилган мафкуралари билан суннат ва ҳадисга нисбатан нохолислик ва илмсизлик билан ёндашаётганлиги, айнан юқорида зикр этилган ботил оқимларнинг замонавий кўринишлари ҳисобланади.[11]
Улардан, қуръонийлар[12]улар фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган деган ўта маккорона даъволарини илгари суриб, қанча-қанча илмсиз кишиларни адаштирмоқда.Бу тоифа аслида ўзларига хаворижларни йўлини лозим тутиб, Набий (с.а.в.)нинг суннатларини тўлиқ инкор қилишади. Уларнинг фикрича шариатда ҳукм чиқаришда ҳадисга муҳтожлик йўқ. Барча ҳукм Қуръони каримдан олиниши керак деб уйлайди ва шу фикрни олдинга сўради. Қуръонийларнинг фикрича: “Ҳадислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотларидан 100-200 йил ўтиб таснифланган. Ҳадислар ровийлар томонидан тўқилган ёки узоқ муддат ўтганлиги сабаб улар унитиб юборилган ёки хато ривоят қилинган”, деб ҳадис ва суннатга нисбатан ёлғон даъво қилишади[13].Уларнинг даъвоси Қуръони карим турганда ёлғон, хато, шубҳалардан ҳоли бўлмаган ҳадислар олинмайди[14].
Бу фикрнинг умуман шариат аҳкомларига тўғри келмаслиги, ҳадис ва суннатга хиёнатдан бошқа нарса деб бўлмайди.
Кейинги замонавий фирқалардан яна бири ақлонийлар[15] бўлиб, улар муътазилийлар фикридан илҳомланган. Улар ақлни бирламчи деб, уни асосдан олдинга қўяди. Ақлонийларнинг ақл юритиши Қуръон ва суннатдан ҳам олдин туради. Ақлонийлар ўз фикри билан суннат ва ҳадисни инкор этадилар, шунингдек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида келган ҳадислар уларнинг ақллари тарозисига мухолиф келса у ҳадис олинмайди. Ақллари етмайдиган нарсада, ақллилик қилишларининг ўзи уларнинг ахмоқликларидан бошқа нарса эмаслиги маълум. Уларнинг ўзлари ҳам адашган ва уларга эргашганларни ҳам адаштирувчи хатарли тоифа ҳисобланади.
Учунчи тоиф замонавий рофизийлардир. Бу тоифа ҳам олдинги рофизийлар каби, суннати мутаҳҳарога мункар балки улардан ҳам ашаддийроқ ҳаддан ошган суннат ва ҳадисни танқид қилишлик борасида. Олдинги рофизийлар машҳур саҳобийлардан Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), Умар ибн Хаттоб (р.а.) ва Ойша (р.а.) ва бошқаларни лаънатлаган бўлса, янги рофизийлар ўз танқидларини аввало, икки муҳаддис Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳларига қаратади. Бу тоифа вакиллари томонидан Имом Бухорий асарини танқидий ўрганиб, унга нисбатан таъна ва туҳматлар жуда кўп қилинган. Ҳатто, Имом Бухорийни ислом оламида обрўсини кетгазиш, саҳиҳ асарининг ҳайбатини йўқотиш бўйича доимий тарғиботлар олиб бориб, бу тўғрисида махсус китоблар ҳам тасниф этишган[16].
Тўртинчи тоифа ҳаддосийлар[17] бўиб, улар замонавий фикрлар асосида таҳлил қиладиган, ғарб исломшунослиги йўналишларида фаолият олиб борадиган, бошқа динларнинг асос ва манбаларига қиёслаб ислом дини манбаларига ҳам танқидий назар билан қарайдиганлар тоифасидан иборат. Уларнинг фикрича ҳар бир нарса янгиланиб турилиши лозим, шунингдек, шариат аҳкомлари ва унинг манбалари ҳам замонга қараб ўзгариб бориши керак деб билади. Бу тоифа ислом манбалари тарихга айланиб бўлди, уларнинг вақти ўтди деб гумон қилади. Шу сабаб улар ҳадис ва суннатларга нисбатан ҳурматсизлик қилади ва хусусан Имом Бухорийнинг асарларини ҳам ўзларига хос йўналишда инкор этишади[18].
Бешинчи суннат ва ҳадисга танқидий назар билан қарайдиганлардан бири мусташриқлар (исломни шарқшунослик жиҳатидан ўрганувчилар) бўлиб, улар ҳам юқоридаги тоифалар каби ҳадис ва суннатга нисбатан нохолислик билан ёндашади. Бу каби фикрларни ғарблик шақшунос И.Гольдциернинг (1850-1920)[19] киторбларида кўриш мумкин. У ҳадис ва суннатга нисбатан ўзини танқидий қарашлари асосида китоблар ёзган. Унинг фикрича:“Ҳадислар исломнинг иккинчи ва учунчи ҳижрий йилларида ёзилган бўлиб, у вақтда Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотидан кейин кўп вақт ўтган. Ҳадис ровийлари томонидан ҳадислар уйлаб чиқилган ёки тўқима ҳадислар тўпланган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари бевосита аббосий халифалари таъсири остида таълиф этилган бўлиб, ҳадислар давр тақозосидан келиб чиқиб тўқиб ёзилган”, деди[20]. Бу фикрлар олимнинг шахсий фикри бўлиб, ислом тарихи ва манбаларига мутлоқ номувофиқ ҳисобланади. Зеро, ислом тарихи ва шариат манбасини ҳадисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Мусулмон оламини йўлдан чалғитишга, ҳадис ва суннатдан узоқлаштиришга қаратилган ғояларга қарши маърифий курашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганлигини бугунги давр ҳам кўрсатиб турибди.
Аллоҳ таоло бу каби фитналардан Ўзи асрасин, тўғри ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Барча умматларга бирдамликда шариатга амал қилишни, суннатни мустаҳкам ушлаб Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларини насиб этсин!!!.
Давоми бор...
Шукурилло Умаров,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори,
Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича
фалсафа доктори.
___________________
Адабиётлар:
[1]Қуръони карим. Ҳашр сураси, 7-оят.
[2] Зуҳайлий. Ал-Фиқҳу ва-л-Ислом.. Байрут, 2011. – Б. 1/208.
[3]Хорижийлар - ажралиб чиққан, исёнчилар бўлиб, 7-асрда исломдаги илк оқим тарафдорлари.
[4] Хатиб Бағдодий. Кифоя фий илми ривоя. Миср. Дор Усмония, 2010. Б. 48
[5] Таҳким - Халифа Али ибн Абу Толиб билан Муовия ибн Суфён ўртасидаги битим.
[6]Муътазилийлар - ажралиб чиққанлар, узоқлашганлар, исломдаги илоҳиёт оқимларидан бири. 8- аср ўртасида Араб халифалигида вужудга келган. Асосчилари Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайд.
[7]Рофизийлар - тарк этиш, рад этиш, баъзан маслагидан қайтиш маъноларида, ўрта асрларда сунний ислом илоҳиётида изчил ислом йўлидан четга чиққан оқимлар, хусусан шиалар (Абу Бакр (ра) ва Умар (ра)нинг халифалик ҳуқуқини рад этганлар.
[8] Кайлоний. Равзату-л-Кофий. – Б. 202.
[9]Зиндиқ - динга ишонмайдиган, худосиз, атеист, ўрта асрларда ислом таълимотини рад этган, бошқача фикрловчи оқимлар, дуалистлар, монийлик, маздақийлик ва хуррамийлар таълимоти вакилларига берилган умумий ном.
[10] Аҳмад Ҳанбал. Аҳкому аҳли милал ва ридда. –Б. 459.
[11]Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад. Аҳкому аҳли милал ва ридда.. –Б. 409.
[12] Қуръонийлар – ислом шариатини ҳадис ва суннатсиз олиб бориш тарафдорлари.
[13] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср, Дор ибн Салам. 2010. Б.10.
[14] Усмон ибн Муаллим. Шубуҳотий қуръонийя. Б. 22-27.
[15] Ақлонийлар – муътазилийларга ўхшаб ақлни нақлдан устун қуядиган тоифа.
[16] Лутфий ибн Муҳаммад Зағир. Интиқодий шияти муосирийн лил саҳиҳайни. Б. 8-12. Урдун. 2010.
[17] Ҳаддосийлар – ислом шариатини доимий янгилаб бориш тарафдорлари.
[18] Анас Сулоймон мисрий. Мунталоқу фикрийя ва ақдийя инда ҳаддосийна лил таъни фий саҳиҳайни. Урдун, 2010. – Б. 4-27.
[19]Goldziher I. Muhammedaische Studien. Halle, B.I (1889). B.II (1890).
[20] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср, Дор ибн Салам. 2010. Б.10.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.