Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Август, 2026   |   9 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:39
Пешин
12:26
Аср
17:13
Шом
19:16
Хуфтон
20:38
Bismillah
22 Август, 2026, 9 Рабиъул аввал, 1448

Фитна ҳақида

30.01.2022   5662   4 min.
Фитна ҳақида

“Фитна” деганда биз бузғунчилик, махфий равишда зарар етказишга уриниш, фасод қўзғашни тушунамиз. Тўғри, фитна сўзида шу маъно устун. Аммо бу сўзнинг асл келиб чиқиш мазмуни янада кенгроқдир. Луғатшуносларнинг таъкидлашича, “фитна” сўзи арабларда аслида олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатар экан. Шундан келиб чиқиб, “фитна” сўзи имтиҳон, синов деган маъноларда ҳам ишлатиладиган бўлган. Қуръони Каримда бу сўз айнан шу мазмунда ҳам келади.

Фитна — адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади. Дунёнинг бир чеккасида ўзини мусулмон деб таништирган бир кимса қандайдир қўпорувчилик қилди. Аслида Исломда унинг ҳеч қандай ўрни йўқ, унинг бу ишини бирорта мусулмон оқлагани йўқ, бу кимсага ўша қилмишни ҳам кимдир буюртма берган ёки уни шунга мажбур қилган бўлиши эҳтимоли катта. Аммо ушбу ҳодиса фитна ўлароқ одамларда турлича акс садо беради: кимдир бундан Ислом ва мусулмонларнинг шаънига доғ тушишидан ташвишланса, кимдир бефарқ, кимдир эса шу нарса туфайли Ислом ва мусулмонлардан нафратлана бошлайди, кимдир диндан қайтишгача боради, яна қайсидир кимса Ислом ва мусулмонларни ҳақорат қилишгача, золимларни қўллаб-қувватлашгача журъат қилади. Буларнинг барчаси фитнанинг имтиҳон қилувчи омил эканига мисол бўлади.

       Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Бундай фитначилар ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бўлиши мумкин. Истаймизми-йўқми, бундай фитналар бўлаверади, Аллоҳ шуни ирода қилган. Муҳими, бу фитналар биз учун синов эканини унутмаслигимиз керак. Фитна сабаб ҳар ким ўзининг асл қиёфасини, асл башарасини намойиш этади. Чинакам иймонга эга бўлганлар кимлару, қалбида куфр яшириниб ётганлар кимлар – ҳаммаси равшан бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, мансабпараст, худбинлар ким – ҳаммаси сув бетига чиқади. Мўминлар ўз йўлларида собит бўладилар ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни Роббимиз тарафидан бир синов деб қабул қиладилар. Шу билан бирга, бу фитналар уларнинг қайроқи бўлиб, чиниқиб боришларига ҳам хизмат қилади. Айни пайтда Исломга қалби терс бўлган, чин иймондан бебаҳра кимсалар фитнага тушади, бу нарса уларга тайёр баҳона бўлади, қалбдаги нафратлари, шайтоний туйғулари мавж уради. Буларнинг ҳаммаси синов дунёсининг бир имтиҳонидир. Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).        Ниҳоят, фитна – синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.

Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.

 

Х.Абутов

Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   27426   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари