Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Миссионерлик офати!!!

06.01.2022   2276   3 min.
Миссионерлик офати!!!

Миссионерлик- лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш сохасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналишлар) ташкилотларнинг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир. Шуни билиш лозимки даъват (насихат) бошқа, миссионерлик бошқа нарсадир.

Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват  бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган харакати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади. Минг афсуслар бўлсинки охирги пайтларда баъзи шахслар муқаддас динимиз Исломни қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш холлари кузатилмоқда. Бу холга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап!

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти хар дойим минтақа барқарорлигини бузган, ахоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.

Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:

Халқни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жихатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш;

Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларнинг ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш;

Қадимдан христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини янги христианлар билан тўлдириш.  

Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаламоқда, уларнинг хийла найранглари моддий рағбатлантириш ва турли алдов йўллари билан олиб боради.

Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг Биринчи сабаби – муқаддас Ислом дини хукмларидан мутлақо бехабарлик.

Иккинчиси сабаб – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялар бева- бечоралардан вақтида хабар олинмаётгани, моддий ва маънавий берилмаётгани билан бевосита боғлиқ. Миссионерлар бу «имконият»дан «унумли» фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Бу эса бизни жамият ва халқимизмаънавий ва моддий аҳволига янада жиддийроқ эътибор қаратишимизни тақозо этади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда муртадлик яъни Ислом динидан чиқиш ҳақида қатъий таъкидлаб шундай деган:

“Сизлардан кимда ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217- оят)   

Шу ўринда катта шахарлардан бирида бўлган воқеани эслайлик: Ўзига тўқ, махаллада хурмат эътиборли бир отахонни олийгоҳда таълим олиётган қизлари йўлдаги бахтсиз тасодиф туфайли вафот этади. Унинг жанозасига махалладошлар, қариндош-уруғлар, қуда-андалар каби мингдан ортиқ киши тўпланади. Майит тобудга солиниб жаноза ўқилиши учун олиб чиқилмоқчи бўлганда, қаердандир икки нафар миссионер даъватчилари келиб бу қизни динини ўзгартириб уларнинг сектасига қўшилганини айтиб, исботлар келтиришади. Мархумани муслима эмаслиги, динини ўзгартирганлиги барчага аён бўлади. Табиийки унга жаноза буюрилмайди ва йиғилган жамоа тарқаб кетади. Мархуманинг отаси бу шармандаликни кўтара олмай юрак хуружидан вафот этади.

Дунё учун охиратини сотган кимса дунё ва охиратда хўрлик ва шармандаликка учраши аниқ!

 

Баҳодир Шарипов,

Чуст туман бош имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   71136   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари