Наманган шаҳар "Абу Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби
Абдулбосит қори Юсупов
21 сентябрь куни Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Чекка ва чегараолди ҳудудларда ёт ғояларга мойиллиги бўлган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш» лойиҳасига старт беришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, асосий йўналишлари ҳамда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг ҳудудларида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Жумладан, 11 ойга мўлжалланган лойиҳа доирасида маънавий-маърифий ва профилактик йўналишларда кенг қамровли ишлар амалга оширилади.
Шунингдек, 36 та тарғибот тадбири, 23 та семинар ва 1 та илмий-амалий семинар ҳамда ҳужжатли фильм, видеоқўлланма, қўлланмалар, рисола, электрон ва босма материаллар, подкастлар ҳамда кўрсатувлар тайёрланади.
Тадбирда ҳудудлардаги ишларни самарали ташкил этиш, маҳалла ва таълим муассасалари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси буюртмаси асосида амалга оширилади. Лойиҳа ижрочиси — Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази.
Лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар бугунги кунда жамият олдида турган долзарб вазифалардан бири — радикализм, экстремизм ва турли бузғунчи ғояларнинг олдини олиш, ёшларни бундай таъсирлардан асрашга қаратилган.
Зеро, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан юртимизда маърифат ва эзгуликни кенг тарғиб қилиш, жаҳолат ва бузғунчи ғояларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, мазкур лойиҳа фуқаролар билан манзилли ишлаш, соғлом дунёқарашни шакллантириш ва жамиятда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати