Илҳомжон домла Умаржон ўғли
"Мўйи Муборак Уккоша" жоме масжиди имом-хатиби
Меҳмонлар марказга қадам қўйиши биланоқ даставвал унинг иккинчи қаватида жойлашган замонавий жиҳозланган аудиториялар ва замонавий кутубхона билан танишдилар. Бу ерда яратилган шароитлар марказ фақат музей эмас, балки илм аҳли — тадқиқотчилар, олимлар ва ёшлар учун ҳам кенг имкониятлар яратилганини яққол кўрсатди. Бу эса юртимизда илм аҳлига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳадис илми мактаби талабалари ва устозлари учун марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров томонидан дарс жараёни ташкил этилди. Унда марказнинг илмий концепцияси ва тузилиши батафсил тушунтирилиб, исломгача бўлган даврдан бошлаб, исломнинг дастлабки босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда бугунги Учинчи Ренессанс пойдеворигача бўлган тарихий жараёнлар изчил ёритиб берилди.
Мазкур илмий тушунтиришлардан сўнг меҳмонлар Марказнинг музей қисми — экспозициялар билан яқиндан танишдилар.
Абдурашид Мадраҳимов, Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси:
– Марказнинг ташқи кўриниши бизда жуда катта таассурот қолдирди. У ўзининг маҳобати билан ислом тамаддунининг ҳақиқий қиёфасини акс эттиради. Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан бутун бир цивилизациянинг тимсоли эканини шу заҳотиёқ ҳис қилиш мумкин. Ичкарига кирганимизда эса таассуротларимиз янада кучайди — бундай гўзаллик ва мукаммалликни, очиғи, илгари на тасаввур қилганмиз, на кўрганмиз.
Юнус Хўжамов, Ҳадис илми мактаби талабаси:
– Бу ерга кириб гувоҳ бўляпмизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари туфайли мана шундай улуғвор маданият, маърифат, илм маскани барпо этилди. Ушбу Марказни айланган киши Ўзбекистон диёрида бўлиб ўтган ва ҳозиргача давом этаётган тарихни икки-уч соат ичида бемалол тасаввур қила олиш имкониятига эга бўлади. Масалан, мактаб дарсликларида ўқиган маълумотларимни қайсидир маънода жонли кўриш имконияти пайдо бўлди ва кўз олдимда тарихимизни тўлақонли шакллантира олдим. Бу ердаги экспонатларни кўришлик — бизнинг ўқиётган илмларимизнинг ҳақиқий даҳолари ким эканлигини кўз ўнгида тасаввур қилиш имкониятини беради.
Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Салоҳ Исонинг фикрича, буюк мамлакатда ислом цивилизациясининг юксак даражада намоён этилган.
– Ушбу Марказда исломнинг илк цивилизацияси ва ундан кейинги даврларини акс эттирувчи кўплаб кўргазмалар билан танишдик. Имом Бухорий ва Термизийга бағишланган экспозицияларни кўрдик. Уларнинг ҳаёти, илмий мероси ва китобларининг нусхалари билан танишдик. Шундан сўнг Қуръони карим зали билан танишдик ва ислом цивилизациясининг юксак даражада намоён этилганига гувоҳ бўлдик. Бу марказ Президентимиз ташаббуси билан барпо этилгани жуда гўзал ва муҳим қадамдир ва мусулмонларга ўзларининг илк цивилизациясини, илм-фанини ва маданиятини эслатади. Чунки ислом цивилизацияси инсонларга юксак илм, юксак тафаккур, юксак маданият ва гўзал ахлоқни ўргатади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази