Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Оятлардаги “ҳидоят” маъноларини биласизми?

24.06.2018   19317   33 min.
Оятлардаги “ҳидоят” маъноларини биласизми?

Ҳидоят бандалар учун сўраладиган нарсаларнинг энг шарафлисидир. Аллоҳ таоло Ўзининг нозил қилган энг улуғ китобида, бу энг улуғ китобининг энг улуғ сурасида, энг улуғ ибодатда ҳидоятни сўраш таълимини ўргатди. Бу Аллоҳ таолонинг: إهدِنَا الصِّرَاطَ المُستَقِيم Бизни тўғри йўлга  йўллагин[1] оятидир.

 Ҳидоят Қуръонда баъзи ўринда Аллоҳ таолога нисбат қилинган:

 فَهَدَى اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَا اخْتَلَفُوا فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإِذْنِهِ

 Аллоҳ имон келтирганларни улар ихтилоф қилган нарсалар (ичи)дан Ўз изни (илми) билан ҳидоят  сари йўллади[2] ояти каби.

  Баъзи ўринда эса Қуръонга нисбат қилинган:

 إِنَّ هَذَا الْقُرْآَنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ

 Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур[3] ояти каби.

 Баъзи ўринда эса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилади:

 وَإِنَّكَ لَتَهْدِي إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

 Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан[4] ояти каримасига ўхшаш.

 Ҳидоят Қуръонда бир неча хил кўринишда ворид бўлган. Ҳидоятнинг биринчи тури умумий тирик ва жонсиз мавжудотлар учун бўлган ҳидоят. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни сўзида Фиръавнга хитоб қилиб:

 قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى

 “(Мусо) айтди: «Раббимиз ҳар бир нарсага ўз яратувчилигини ато этиб (кўрсатиб), сўнгра (уни) тўғри йўлга йўллаган зотдир[5], - дейди. Яъни Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг ўзлари собит турадиган хилқатларини берган, ҳар бир аъзога ўзининг шаклини ва ҳайъатини берган, ҳар бир мавжудотни ўзига хос хилқатини бериб, сўнг ўз хилқатларига лойиқ бўлган амалларга бошлаб қўйган Зотдир. Ҳидоятнинг бу тури, ўз иродаси билан манфаатни жалб қилиб, зарарни даф қиладиган ҳаракатланувчи жонли нарсаларнинг ҳидоятини ҳам, мусаххар жонсиз нарсаларнинг ҳидоятини ҳам ўз ичига олади. Барча жонли нарсаларнинг ҳидояти бор, гарчи уларнинг навлари ва турлари бошқача бўлса ҳам.

 Ушбу оятни Фахрур-Розий ўзининг "Мафатиҳул ғайб" номли тафсир китобида қуйидаги гапни келтиради: “Агар сиз асаларининг олти бурчакли уйининг ясашидаги ажойиботларига ва ҳар турлик ҳашаротларнинг ўзларига керак бўлган нарсаларга йўл топишидаги ажойиботларга назар солсангиз шунда буларнинг барчасини барча нарсаларни билгувчи, барча ишларни тадбирни қилгувчи Зотнинг илҳомисиз ҳеч қачон имкони йўқлигини тушунган бўлардингиз”.

 Аллоҳ таоло барча махлуқотларга уларни куч қувватларини сақлаб турувчи таом, шароб, кийим, жуфтларни неъмат қилиб бериб, улардан қандай фойдаланишлик йўлларига ҳам йўллаб қўйди. Тоғлардан темирни, денгизлардан дурларни чиқарадилар. Турли дорилар ва турли шифобахш дамламаларни тайёрлайдилар. Турли нарсаларни жамлаб ҳар хил таомлар ҳозирлайдилар. Демак, бу чиқарилган турли нарсаларни Аллоҳ таоло яратди, сўнг эса уларга бу нарсалардан қандай фойдаланишлик учун ақл берди. Бу фақатгина инсонга хос эмас, балки барча тирик жонзотларга тегишлидир. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло инсонга ўз жуфтини, эшакка урғочи эшакни, туяга урғочи туяни бериб, уларнинг ўзаро насллари давом этиши учун уларни қандай кўпайиш йўлларига йўллаб, сўнгра  туғилган болаларини оналарининг кўкракларига ва елинларига йўллаб қўйди. Булар ҳайвонларнинг ўзларига хос эмас, балки уларнинг аъзоларига ҳам тегишлидир. Аллоҳ таоло қўлни ўзига хос суратда яратиб, унга ушлашлик қувватини берди. Оёқни ўзига хос суратда яратиб унга юришлик қувватини берди. Кўз, қулоқ ва бошқа барча аъзолар ҳам шу кабидир. Сўнг бу аъзоларни бир-бирига махсус бир кўринишда бириктириб, бу бириктиришдан бир инсонни вужудга келтирди.

 Аллоҳ таолонинг ҳидоятга бошлашининг даражаларини Ўзигина билади. Оламларнинг Робби – Аллоҳ буюкдир. Кимда ким дунёдаги бор ҳидоятларни тафаккур қилиб кўрса Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор зот йўқлигини, У зот ғайбни ҳам ошкорани ҳам билувчи эканлигини тушуниб етади. Мана шунда Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавнга келтирган ҳужжатини англайди. Фиръавн: “Сизларнинг илоҳингиз ким?”, - деб сўраганда. Мусо: “Раббимиз ҳар бир нарсага ўз яратувчилигини ато этиб (кўрсатиб), сўнгра (уни) тўғри йўлга йўллаган зотдир[6], - деб жавоб бергандилар. Ҳақиқатда Мусо алайҳиссалом иккитагина жумла келтирдилар холос. Агар бунинг маъноларини очиқ баён қилинадиган бўлса ҳисобсиз мужалладлар бўлади.

 Ҳидоятнинг иккинчи тури яхшилик ва ёмонлик йўли, нажот топиш ва ҳалокатга учраш йўлларини баён қилиб берадиган, уларга чорлайдиган ва уларни тушунтирадиган ҳидоят. Бу ҳидоят турини Аллоҳ таоло барча бандаларига берган бўлиб, улардан буни қабул қилиб муваффақиятга эришганлари ҳам бор ва улардан буни қабул қилишдан бош тортиб зиёнга учраганлари ҳам бор.  Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидан мурод ҳам ушбу ҳидоятдир:

 وَأَمَّا ثَمُودُ فَهَدَيْنَاهُمْ فَاسْتَحَبُّوا الْعَمَى عَلَى الْهُدَى فَأَخَذَتْهُمْ صَاعِقَةُ الْعَذَابِ الْهُونِ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

 Самуд (қабиласи) эса, бас, уларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни (залолатни) ихтиёр қилдилар. Бас, ўз қилмишлари сабабли уларни хор этувчи азоб чақмоғи урди[7]. Яъни биз уларга баён қилиб бердик, уларни тўғри йўлга йўлладик ва уларни далолат қилиб қўйдик, улар эса ҳидоят топмадилар.

 Қуйидаги ояти карима элчилар халқни ҳидоятга чорлаш учун уни қабул қилишлари учун юборилганликлари ҳақидаги ояти каримадир:

 فَمِنْهُمْ مَنْ هَدَى اللَّهُ وَمِنْهُمْ مَنْ حَقَّتْ عَلَيْهِ الضَّلَالَةُ

 “Улар орасида Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам, шунингдек, йўлдан озиши қатъий бўлганлар ҳам бўлган[8].

 Яна бошқа ояти каримада:

 وَإِنَّكَ لَتَهْدِي إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

 Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан[9] ояти каримасига ўхшаш.

 Ҳидоятнинг учинчи тури илҳомлантириш ва муваффақ қилиш ҳидоятидир. Бу ҳидоятнинг маъноси ҳидоят топмоқдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримисидан шу ирода қилингандир:

 إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ

 (Эй, Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир[10].  Ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳидоят тури нафий қилинди. Юқоридаги оятда эса ҳидоятни у зотга нисбатан собит қилганди. Аллоҳнинг каломини яхши тушуниб етган киши бу ояти карималар ўртасида ҳеч қандай бир бирига тескарилик йўқлигини англаб етади. Бу ҳидоят тури хос ҳидоят бўлиб, уни Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганларига фазл қилиб беради. Аллоҳ кимни ҳидоятга бошлашни Ўзи яхши билади. Аммо юқоридаги ҳидоятдан мурод эса Ўзи барча халоиқга баён қилиб берган ва элчиларни мана шу ҳидоятга чақиришга буюрган ҳидоятидир. Агар улар буни қабул қилсалар Аллоҳ уларни ҳидоятларини зиёда қилади. Қуръони каримда:

 وَالَّذِينَ اهْتَدَوْا زَادَهُمْ هُدًى وَآَتَاهُمْ تَقْوَاهُمْ

 Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) уларга янада ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур[11], деб марҳамат қилади, яъни улар биринчи ҳидоятни қабул қилганларида Аллоҳ таоло уларга ҳидоятларини зиёда қилишлик билан фазл қилди, тоинки иккинчи даражага етсинлар деб.

 Ҳидоятнинг тўртинчи тури шуки, бу ҳидоят тури иккинчи ҳидоятнинг энг юқори даражаси бўлиб, унинг фоида ва натижасидир. Унинг маъноси етказмоқ, олиб бормоқ маъносида. Жаннатга томон ҳидоят мана шудир.АллоҳтаолонингЮнуссураси 9 оятида:

 إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ يَهْدِيهِمْ رَبُّهُمْ بِإِيمَانِهِمْ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهِمُ الْأَنْهَارُ فِي جَنَّاتِ النَّعِيمِ

 Имон келтирган ва эзгу ишларни қилганларни эса, имонлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур, неъмати мўл жаннат (боғ)ларда остиларидан анҳорлар оқиб тургай[12], деб марҳамат қилган ҳидоятдан мурод ҳам шудир. Жаннат аҳли ҳам истаган ва унга эришиб:

 وَقَالُوا الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي هَدَانَا لِهَذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِيَ لَوْلَا أَنْ هَدَانَا اللَّهُ

 

(Шунда) айтурларки: «Ушбу (ҳидоят)га бизни бошлаган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, тўғри йўлни топа олмаган бўлур эдик[13], деб айтган ҳидоятлари ҳам шу навдандир. Дўзах аҳлининг ҳаққи борасида келган ҳидоят ҳам шу маънода, яъни унга етиб бориш маъносидадир. Аллоҳ таоло Соффатсураси 23 оятида:

 فَاهْدُوهُمْ إِلَى صِرَاطِ الْجَحِيمِ

 “Бас, уларнидўзахйўлигабошлангиз!”[14]дейди.

 Демак ҳар куни фарз намозларида ўн етти маротаба ўқишга буюрилган Фотиҳа сурасидаги дуо “Бизни тўғри йўлга  йўллагин[15] оятидан мақсад бу иккинчи ва учинчи ҳидоят яъни “билдиришини”, “равшан қилишини”, “илҳом қилишини” ва “муваффақ этишини” сўраш деганидир. Инсон ўзининг биродари учун дуо қилиб сўрайдиган ҳидоят ҳам шудир.

 Аллоҳ таоло бутун борлиққа ёйиб қўйган ҳайратланарли ҳикмати ва ажойиб қурдатини англаш ҳидояти ҳам илҳомий ҳидоят ҳисобланади. Ундан ташқари Аллоҳ таолонинг борлиқдаги нарсаларни ўзларига хос навларга илҳомлатириши ҳам Унинг ҳидоятидан ҳисобланади. Аллоҳим ҳидоятимизни зиёда қилгин ва бизни адашув йўлларидан четлаштиргин. Гуноҳларимиз кўпайиб кетишидан, ҳатто гуноҳларимиз бу қалбларимизга ғафлатдан чодир бўлиб қолишидан паноҳ бергин.

 

“ЖАМЪ АШ-ШАТИТ ФИ ШАРҲ АБЯТ АТ-ТАСБИТ”

  Асари асосида тайёрланди.

 



[1]Фотиҳа сураси 5-оят

[2]Бақара сураси 213-оят

[3]Исро сураси 9-оят

[4]Зухруф 52-оят

[5]Тоҳа сураси 50-оят

[6]Тоҳа сураси 50-оят

[7]Фуссилат сураси 17-оят

[8]Наҳл сураси 36-оят

[9]Зухруф 52-оят

[10]Қосос сураси 56-оят

[11]Муҳаммад сураси 17-оят

[12]Юнус сураси 9-оят

[13]Аъроф 43-оят

[14]Соффат сураси 23-оят

[15]Фотиҳа сураси 5-оят

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда "Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ – янги кашфиётлар" халқаро медиафоруми очилди

25.08.2026   1163   6 min.
Тошкентда

Тошкентда 25 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.


Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.


Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.

 


Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида  хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.

 

 


Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.


Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.


Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.

«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.


Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.

«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.


Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.


Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.

«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.


Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.


Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.

«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.


Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.


Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 


Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.


Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор. 

iccu.uz 

Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда
Ўзбекистон янгиликлари