Уйда мотам... ҳамма ғамга ботган, қайғуда: кимдир додлаб йиғлаган, кимдир хомуш тортганча, бир нуқтага тикилиб қолган...
Вафот етган инсоннинг тўрт фарзандининг биттасида азадорлик аломати сезилмасдан жанозада анчайин тетик ва бардам турарди. Табиийки, бу ҳол кўпчиликни ажаблантирди, аммо ҳеч ким ундан нега бундай қилаётганини сўрамади.
Охири тоқати тоқ бўлган оқсоқол ҳамон жилмайиб турган фарзандга қараб танбеҳ бера бошлади: “Менга қара болам! Намунча хурсанд бўлмасанг! Ахир бугун отангдан айрилдинг-ку!? Наҳот кўзингга бир томчи ҳам ёш келмаса!?” Фарзанд унга бундай жавоб берди: “Тўғри, бугун мен учун қайғули кун. Юрагим ачишиб кетяпти, аммо сабр қилишга мажбурман! Биринчидан, агар бошқаларга қўшилиб дод-вой солсам, марҳум отамнинг руҳига жабр қилган бўламан. Иккинчидан, агар додлаб йиғлаётган инсонлар йиғи-сиғи ўрнига ҳеч бўлмаса бир бора калима келтириб, марҳумнинг руҳига бағишлаганда – ҳам марҳумга фойдаси тегарди, ҳам ўзларига савоб етарди. Шу сабаб, ичимда тинмай калима келтириб, салавот айтаяпман!
Оқсоқол: “Унда нега жилмаясан?” деб сўради.
Нимтабассум қилиб туришимга ҳам иккита сабаб бор: биринчиси, ўзимни йиғидан тийиб, калима келтирганим учун отамнинг руҳи ором олаётганидан хурсандман; иккинчиси, эзилиб, қайғуга ботиб ўтирганимни кўриб бошқаларнинг ҳам юраклари ғамга тўлишини истамаганим учун табассум қилиб турибман! Шунинг учун келинг, ортиқча вақт йўқотмайликда Қуръон тиловатини бошлайлик!..
Хайдарбеков Шерзод
Тошкент шаҳри
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Неъматулла домла Исмоиловнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан таъзия билдиради.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг ортидан қолган фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин. Буюк Парвардигор онахонни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Жаноза намози бугун, 23 октябрь куни жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси