Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Октябр, 2026   |   12 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:25
Қуёш
06:43
Пешин
12:12
Аср
15:48
Шом
17:34
Хуфтон
18:47
Bismillah
23 Октябр, 2026, 12 Жумадул аввал, 1448

Жума — мўмин қалбининг байрами

22.05.2026   25294   3 min.
Жума — мўмин қалбининг байрами

Жума куни — мусулмонлар учун энг улуғ ва муборак кундир. Бу кун нафақат ҳафтанинг саййиди, балки гуноҳлар кечирилиши, дуолар қабул қилиниши ва қалблар нурга тўлиши учун берилган илоҳий имкониятдир. Шу боис солиҳ зотлар жумага оддий кундек эмас, байрамдек тайёргарлик кўрганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг фазилати ҳақида бундай дедилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси — жума кунидир” (Имом Муслим ривояти).

Жумага тайёргарлик ғусл қилиш, покланиш, хушбўйлик сепиш ва эртароқ масжидга бориш билан бошланади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни жунублик ғусли каби ғусл қилса, сўнг биринчи соатда (масжидга) борса, худди туяни қурбон қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борган киши қорамол қурбон қилгандек, учинчи соатда борган киши шохдор қўчқор қурбон қилгандек, тўртинчи соатда борган киши товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борган киши тухум садақа қилгандек бўлади. Имом хутбага чиққач эса, фаришталар зикр тинглаш учун ҳозир бўладилар” (Имом Молик ривояти).

Қандай буюк мукофот! Масжидга эртароқ қадам ташлаш оддий амал эмас, балки қурбонлик савобига тенг амал экани билдирилмоқда.

Жума куни мўмин киши ташқи кўринишини ҳам гўзал қилиши суннатдир. Чунки мусулмон нафақат қалби, балки зоҳири билан ҳам пок бўлиши керак. Ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганича покланса, хушбўйлик суртса, кейин масжидга бориб икки кишининг орасини ажратмаса ва унга фарз қилинган намозни ўқиса ҳамда имом хутба қилаётганда жим турса, икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис жума кунининг нақадар раҳмат эшиклари очиқ кун эканини кўрсатади.

Афсуски, бугун баъзи инсонлар жумага шошилиб, охирги дақиқаларда етиб келишади. Ҳолбуки, аввалги мусулмонлар жумага тонгдан тайёргарлик кўришар, масжидга эрта бориб Қуръон тиловат қилишар, зикр ва дуо билан машғул бўлишар эди.

Жума — қалбни дунё ғуборидан тозалайдиган кун. Унда мўмин киши ҳаётига назар ташлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади ва Роббисига яқинлашади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир.” (Жума сураси, 9-оят)

Бу оят мўмин инсон учун жума намози ҳар қандай дунё ишларидан устун эканини англатади.

Жума — фақат намоз куни эмас. У — биродарлик куни, раҳмат куни, дуолар ижобат бўладиган муборак фурсатдир. Ким бу кунни қадрласа, қалби нурга тўлади. Ким уни беҳуда ўтказса, катта фазилатдан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни жума кунини эҳтиром қиладиган, унга муносиб тайёргарлик кўрадиган ва унинг баракотидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.

Азимхон Зиёвуддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме масжид имом-хатиби 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

23.10.2026   14918   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Неъматулла домла Исмоиловнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин,
имонларини, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг ортидан қолган фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатлари ўрнини яхшиликлар ила тўлдирсин. Буюк Парвардигор онахонни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».

Жаноза намози бугун, 23 октябрь куни жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидида ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон янгиликлари