Мактаб даврларидаги имтиҳонларимиз онам олиб берадиган совғалар билан эсда қолган. Ҳар гал имтиҳон топширадиган кунимиздан олдин ёки топширганимиздан кейин натижалар қандай бўлишидан қатъи назар онам барчамизни бозорга олиб чиқар ва кўнглимизга ёқадиган ҳадялар олиб берар эдилар. Кимдирга кийим, кимдирга пояфзал, яна қайси биримизгадир анчадан бери орзу қилиб юрган ўйинчоғи... ҳаммамиз ўзимизда йўқ севинардик.
Бозордан келганимиздан кейин онам бизга “Бу совғаларни сизларнинг қилган меҳнатларингиз, илм олиш йўлидан қилган ҳатти-ҳаракатларингиз учун олиб бердим” дердилар. Шу гаплари онгимизда муҳрланиб қолган. Бундан ташқари унча-мунча оналар айтмайдиган яна бир ажойиб гаплари бор эди: “Эркак киши бир ишга киришдими, албатта уни охирига етказмай қўймаслиги керак. Натижа қандай бўлиши муҳим эмас, муҳими кишининг ҳаракати ва жидду-жаҳд билан меҳнат қилишидир”.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади?
“Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.
Зулҳижжа ойи қандай ой?
Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.
Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга?
Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ойда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп айтардилар: “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр” (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД