لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ فَمَن يَكۡفُرۡ بِٱلطَّٰغُوتِ وَيُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ فَقَدِ ٱسۡتَمۡسَكَ بِٱلۡعُرۡوَةِ ٱلۡوُثۡقَىٰ لَا ٱنفِصَامَ لَهَاۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ٢٥٦
Дин ва эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: "Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?" (Юнус, 99). "Тоғут" – "Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш" маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Тоғут – шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода «шайтоний йўл», демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. Аҳли китоблар ўзларига туширилган китобларга ва кейин нозил қилинган Қуръони каримга имон келтирганлари даъвосида бўлишса ҳам, улар аслида шайтоний йўлни танлашган ва тоғутдан ҳукм сўрашни истаб туришади.
Қуръони карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.
1. Биргина сўрашиш учун гуноҳлар каффорат этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд айтсалар ва У зотга истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Ота-онанинг юзига қараш ҳам – ибодат.
Ота-онанинг юзига шафқат билан боқишнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким ота-онасининг юзига шафқат ва марҳамат билан боқса, Аллоҳ таоло унинг учун мақбул бўлган бир ҳажнинг савобини ёзади” (Имом Байҳақий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига марҳамат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар.
– Кунда минг марта боқса ҳам шундайми? – деб сўрадилар.
– Кунда юз минг марта боқса ҳам, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Яна бир ҳадисда бундай дейилади: “Ота-онанинг юзига севги билан боқиш ибодатдир” (Имом Дайламий, Абу Нуайм ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД